Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли ҳамда Бўзатов туманлари бўлимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.
Хўжайли туманида ўтказилган тезкор тадбирда “A.B.” масъулияти чекланган жамияти инструктори Б.А. фуқаро Ф.Т.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида ҳеч қандай имтиҳон синовларисиз ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилиб, эвазига 8,8 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди.
Бўзатов туманидаги тезкор тадбирда фуқаролар Ж.А. ва Ж.К. фуқаро Т.Ш.нинг ишончига кириб, унга 700 АҚШ доллари эвазига танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб беришни ваъда қилади. Шундан 600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегищли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири