Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани бўлими томонидан солиқ қарздорлигини ундириш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Мана шундай ижро ҳаракатларининг бирида давлат бюджети олдида солиқ қарздорлигини ўз вақтида тўламаган “ISMAYILOV POLATBEK” фермер хўжалигининг “BYD QIN EV STANDART” русумли автомашинаси бўлим давлат ижрочиси томонидан жорий йилнинг 22 май куни хатловга олиниб, жарима майдончасига қўйилган.

Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими давлат ижрочиси томонидан қарздор фермер хўжалиги раҳбарига автотранспорт воситаси тегишли тартибда баҳоланиб, келгусида электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотилиши, сотувдан тушган пул маблағлари давлат бюджетига ўтказилиши ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилган.

Шундан сўнг қарздор ўзига тегишли бўлган фермер хўжалигининг солиқ қарздорлигини тўлиғи билан тўлаган ва автотранспорт воситаси эгасига қайтариб берилган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири