Шахмат: Нодирбеклар «пойгаси» Синдоровни етакчига айлантирадими?

449

Мукофот жамғармаси 166 минг АҚШ долларидан иборат бўлган «Uzchess Cup-2024» турнирининг 7-тур остонасида «Masters» гуруҳида ғолиблик учун кураш кимлар ўртасида кечиши деярли маълум бўлиб қолди.

Кеча бўлиб ўтган 6-турда ушбу гуруҳдаги 5 та ўйиннинг 1 тасида ғалаба, 4 тасида муроса йўли танланди.

Тошкент мусобақаларининг шиддатли кечган ўйинида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда хитойлик Ю Янг Йини мағлуб этди. Қолган барча учрашувларда томонлар дурангга эга бўлди. Бу эса Ёқуббоев ва Абдусатторовнинг 4 очколи бўлишини, Жавоҳир Синдоров 3,5 очко ҳамда Ю Янг Йи, Алексей Сарана ва Ричард Раппорт 3 очко билан совринли ўринларга номзод эканини кўрсатмоқда.

«Challengers» гуруҳида турнир жадвалини 4,5 очко билан сербиялик гроссмейстер Александр Инджич бошқариб бормоқда. Етакчидан ярим очко ортда қолган ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

«Futures» гуруҳларининг поёнига етган 6-тур ўйинларидан сўнг гуруҳлардаги вазият деярли ўзгармади. Етакчилар ўз ўринларини мустаҳкамлаб олишга эришди. Муҳаммадзоҳид Суяров 5 очко билан турнир жадвалини бошқараётган бўлса, Муҳиддин Мадаминов ва Саидакбар Саидалиев 4 очко билан ғолиблик йўлида кураш олиб бормоқда.

Бугун, 12 май куни «Masters» гуруҳида ўтадиган 7-тур баҳсларида Видит Сантош Гужрат – Алексей Сарана, Абдусатторов – Ричард Раппорт, Парҳам Магсудлу – Ю Янг Йи, Шаҳриёр Мамедьяров – Гришук ва Ёқуббоев – Синдоров ўйинлари бўлиб ўтади.

Якунланишига 3 тур қолганда 4 очкога эга Ёқуббоев ва Абдусатторовнинг турнирдаги ўзига хос «пойгаси» Жавоҳир Синдоровнинг етакчига айланишига олиб келармикан? Ушбу савол мухлису мутахассисларни қизиқтираётгани бор гап.

Аммо воқеалар ривожидан олдинга ўтиб айтиш лозимки, 7-турда ўтадиган Абдусатторов – Ричард Раппорт ҳамда Ёқуббоев – Синдоров қарама-қаршилигидаги ўйинларда Нодирбек Абдусатторов ғалабага эришсаю, кейинги жуфтликдаги Ёқуббоев – Синдоров баҳсида дуранг қайд этилса, Абдусатторов етакчиликка эга бўлиб олиши эҳтимолдан йироқ эмас. Лекин мураккаб вазиятда Синдоров муваффақият қозониб, ҳар икки Нодирбеклар 7-турда имкониятни бой берса «Uzchess Cup-2024» мусобақасида ғолиблик учун кураш Абдусатторов, Синдоров ва Ёқуббоев ўртасида сўнгги тургача давом этишига олиб келиши билан аҳамиятлидир.

Эслатиб ўтамиз, 9 турдан иборат «Uzchess Cup-2024» турнири 14 июнга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, Алимурод Мамадаминов(сурат),ЎзА