Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг ёйиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда ўтган йиллар давомида бир қатор қарорлар, махсус дастурлар қабул қилинди. Турли даражадаги оммавий спорт мусобақалари, кўнгилочар тадбирлар уюштириб келинмоқда.

Аммо саломатликнинг бирламчи босқичи бўлган юриш ва югуриш кўникмасини аҳоли орасида шакллантириш долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Шу боис, тегишли ташкилотлар, хусусан Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан «Yugur» соғломлаштириш онлайн платформаси ишлаб чиқилди.

Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, мамлакат енгил атлетика федерацияси мутасаддилари, тегишли ташкилот вакиллари иштирок этган йиғилишда мазкур платформа тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда дастурчилар унинг қулайлиги ва соддалиги хусусида тушунтириш берди.

Маълум қилинишича, «Yugur» соғломлаштириш онлайн платформаси 23 июнь – Халқаро олимпия кунига бағишланган оммавий югуриш мусобақасида илк бор синов тариқасида ишга туширилади.

Муҳокамалар давомида мутахассислар платформанинг имкониятларини ошириш, қўшимча вазифалар юклаш, фуқароларимиз учун янада қулайлаштириш борасида қўшимча таклифлар билдирди.

Т. Рўзиев, ЎзА