Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, «ЦСКА» клубида фаолият олиб бораётган Аббосбек Файзуллаев ҳақида деярли ҳар куни янгидан-янги хабарлар тарқалмоқда.

Трансферларга ихтисослашган «Transfermarkt» порталида аксарият мамлакатларда чемпионатлар якунланганини инобатга олиб, футболчиларнинг мавсумдаги иштироки асосида уларнинг янги нархлари эълон қилинмоқда. Шунга кўра, портал Россия Премьер-лигасида тўп тепган бир гуруҳ чарм тўп усталарининг янги нархларини эълон қилди.

Бунинг натижасида «ЦСКА» сафидаги ўйинлари билан мавсумнинг асосий кашфиёти сифатида эътироф этилган Аббосбек Файзуллаевнинг трансфер нархи бир миллион еврога қимматлаган ҳолда, 6 миллион еврони ташкил қилди.

Шу тариқа, А.Файзуллаев биринчи маротаба Марказий Осиёнинг энг қиммат ўйинчисига айланди. Шунингдек, 20 ёшли истеъдодли футболчимиз трансфер нархи бўйича Элдор Шомуродов ва Бахтиёр Зайнутдинов каби номдор чарм тўп усталарини ортда қолдирмоқда. Айни дамда Италия ва Туркия чемпионатларида тўп тепаётган бу легионерлар «Transfermarkt» порталида беш миллион еврога баҳоланмоқда.

Аслида Аббосбек Файзуллаев ўтган йили «Пахтакор» клубидан «ЦСКА» жамоасига атиги 500 минг евро эвазига трансфер қилинган эди. Ўтганига бир йил ўтмасдан туриб, футболчимиз Россия чемпионати ва кубогида рақиблар дарвозасига бешта гол урди ва жамоадошларига 14 та голли пас узатди ҳамда трансфер нархи 10 баробардан кўпроққа кўтарилди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА