Хива шаҳрининг «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонасида “Паҳлавон Маҳмуд – Баҳодирлар ўйини“ IV халқаро очиқ турнири бўлиб ўтди.

Ушбу мусобақа Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Бутунжаҳон стронгменлар федерацияси (WSF) ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Туризм вазирлари ислом конференциясининг ХII сессияси тадбирлари доирасида бўлиб ўтди..

Турнирда дунёнинг 15 давлати, жумладан, Австрия, Буюк Британия, Латвия, Покистон, Янги Зеландия, Қирғизистон, Қозоғистон, Эрон, Ҳиндистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан номдор атлетлар куч синашди.

Икки кун давомида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар Хива шаҳрида ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган “Ақча” кўл соҳилида халқаро баҳодирларнинг баҳсларини катта қизиқиш билан кузатиб бордилар.

Дунёнинг юқори рейтингли спорт мусобақалари қаторида тан олинган «Стронг мен» синовларида дунёнинг машҳур паҳлавонлари «Оқтош харсанги», «Обкач», «Амударё қайиғини тортиш», ‘Чўгирма отиш», «Мўйноқ лангарини тортиш», «Жалолиддин ва Амир Темур қиличлари» ҳамда «Пластик челленж» деб номланган турли оғирликларни кўтариш, судраш, тепаликка отиш каби 10 та шартни бажарадилар.

Умумий натижаларга кўра, 100 бал тўплаган эронлик паҳлавон Реза Гайтаси учинчи маротаба  “Паҳлавон Маҳмуд – Баҳодирлар ўйини” халқаро очиқ турнирининг мутлоқ ғолиби деб эълон қилинди. Чемпион олтин медаль, сертификат ва бош соврин– 5 минг АКШ доллари пул мукоқоти билан тақдирланди.

Киргизистонлик паҳлавон Муҳаммад Али Тухтаматов икинчи ўрин– 3 минг доллар пул мукофоти эгаси бўлди. Учинчи ўрин– минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти эса литвалик Модестас Струкусга насиб этди.

Турнир пешқадамларини Ўзбекистон Республикаси экология, атроф – муҳитни муҳофоза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Хусрав Назирий қутлади.

– Пурёйвалий, Паҳлавон Маҳмуд тарихи мен учун ибрат, – дейди Реза Гайтаси.– Шу сабабдан ушбу халқаро турнирда қатнашиш мен учун фахрлидир, ғолиб бўлиш эса шарафлидир. Ушбу нуфузли мусобакада турт маротаба катнашдим ва уч маротаба ғолиб бўлдим. Мен бахтиёрман ва барчага омад тилайман. Навбатдаги улкан турнирларда учрашгунча хайр.

Халкаро турнир голиб ва совриндорлари шарафига таникли ёш хонандалар иштирокида гала-концерт намойиш этилди.

Турнир нафақат ёрқин спорт тадбири, балки спорт туризмини ривожлантириш, нуфузини ошириш, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари