КХШТ ХК котиблари қўмитаси йиғилиши

6 июнь куни Олмаота шаҳрида Қозоғистон томони раислигида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Хавфсизлик кенгашлари котиблари қўмитасининг йиғилиши ўтказилди.

Учрашувда ташкилот Бош котиби Имангали Тасмагамбетов дунёда рўй бераётган глобал вазият ва КХШТга аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдид ва хатарларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маъруза қилди.

Йиғилиш иштирокчилари ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳамда чақириқ, таҳдидларга қарши биргаликда курашишда аъзо давлатларнинг ташкилот формати доирасидаги фаолияти ва ҳамкорлигини яхшилаш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Хавфсизлик кенгашлари котиблари қўмитасининг навбатдаги йиғилиши жорий йил ноябрь ойида, КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши сессияси арафасида Остона шаҳрида бўлиб ўтади.

Тожикистон дарё қирғоқларини мустаҳкамлайди

Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода сув тошқинлари оқибатини бартараф этиш ва дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш жараёнини баҳолаш мақсадида Хатлон вилояти Темурмалик ва Балжувон туманларига ташриф буюрди. Белгиланган вазифаларни янада самарали бажарилиши учун масъулларга янги лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Ташриф чоғида Бош вазир Темурмалик туманидаги “Ҳамровий”, “Баҳманруд”, “Танобчи поён” ва “Қанғурт” қишлоқларида тошқин пайти хавф даражаси юқорилигини таъкидлади.

Ушбу ҳудудларда ҳимоя иншоотлари бор эди, лекин сув тошқини пайти вайрон бўлиб, Шўроқса ва Сурҳоб дарёларига туташ жойларга жиддий зарар етказган.

Айни пайт Хатлон вилояти Кўлоб зонасида юзага келиши мумкин бўлган табиий офатларнинг олдини олиш мақсадида дарё қирғоқларига темир-бетон тўсиқлар ўрнатилмоқда.

Шунингдек, комиссия аъзолари Сурҳоб ва Обимозор дарёларининг шикастланган қирғоғи, “Гўрдара” ва “Балжувон” ҳудудларини ҳам кўздан кечирди.

Ўзбекистондаги икки ОТМ дунё университетлари ТОП-1000 талигида

Илк бор Ўзбекистоннинг бир йўла 2 олийгоҳи дунёнинг энг нуфузли университетлари ТОП-1000 рўйхатидан ўрин олди.

Буюк Британиянинг нуфузли “QS Quacquarelli Symonds” халқаро рейтинг агентлиги дунёдаги энг яхши университетлар рейтинги – “QS World University Rankings-2025” натижасини эълон қилди.

Рейтингда биринчи марта Ўзбекистоннинг икки олий таълим муассасаси – “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети 547-ўрин, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети 781-ўринда қайд этилди.

“ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети “Академик нуфуз” кўрсаткичи бўйича энг яхши 300 та олий ўқув юрти қаторига ва Марказий Осиёдаги энг яхши университетлар учлигига кирди.

ЎзМУ “Чет эллик ўқитувчилар улуши” кўрсаткичи бўйича 200 энг кучли университет сифатида Марказий Осиёда иккинчи ўринни эгаллади.

Қирғизистон делегацияси БМТнинг иқлим бўйича конференциясида

иштирок этди

Қирғизистон Германиянинг Бонн шаҳрида БМТ иқлим ўзгариши бўйича конференциясида иштирок этди. Делегацияга мамлакат Президентининг тоғли ҳудудларни ривожлантириш бўйича махсус вакили Динара Кемелова раҳбарлик қилди.

Ушбу нуфузли анжуманда 190 мамлакатдан 6700 вакил иштирок этди. Д.Кемелова мавзу жуда муҳимлигини таъкидлаб, республиканинг бу борадаги саъй-ҳаракати ҳақида гапирди. Шунингдек, UNFCCC доирасида тоғ ва иқлим бўйича глобал мулоқот масаласини кўтариб, тадбир давомлилигини таъминлаш таклифини киритди. Барчани тоғли ҳудудларда иқлим муаммосини ҳал қилиш ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Йиғилиш иштирокчилари иқлим ўзгаришига қарши кураш билан боғлиқ глобал муаммолар – жараённи молиялаштириш, зарарни қоплаш жамғармасини ишга тушириш каби тегишли масалаларни муҳокама қилдилар.

Ушбу тадбир кузда Озарбайжонда ўтказилиши режалаштирилган БМТ иқлим ўзгариши бўйича 29-конференцияси олдидан ташкил қилинди.

Ашхободда экология бўйича халқаро конференция

Ашхобод шаҳрида Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишлаб “Туркманистон – экология фаровонлиги диёри” илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Türkmenistan: Altyn asyr” нашри хабар берган.

Йиғилишда мамлакатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари, маҳаллий ва халқаро жамоат ташкилотлари, жумладан БМТ таркибий бўлинмалари вакиллари, олимлар, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Конференция очилиши маросимида Президент Сердар Бердимуҳамедовнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Ялпи мажлисда мамлакатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соҳага оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маърузалар тингланди. Сўнгги йилларда бу ўлка ноёб табиат ёдгорликларини асраб-авайлаш йўналишида халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, “Берекетли Гарагум”, “Гаплангир” ва “Репетек” давлат қўриқхоналари UNЕSCО Жаҳон мероси рўйхатига “Турон мўътадил чўлли” номинацияси бўйича киритилгани эътиборга молик. Шунингдек, мамлакат олий ўқув юртларида UNЕSCО кафедралари очилган.

Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, жорий конференция тажриба ва билим алмашиш учун майдон бўлиб хизмат қилади. Иқлим ўзгаришига мослашиш ва иссиқхона гази чиқиндисини камайтириш бўйича ҳаракатлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, биологик хилма-хилликни ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Ўткир Мирзо тайёрлади.

ЎзА