Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Хива шаҳрига 2024 йилда “Ислом дунёси туризм пойтахти” мақоми берилган. Шу муносабат билан Туризм қўмитаси томонидан Қатар ОАВ вакиллари, жумладан мамлакатнинг етакчи ахборот агентлиги журналистлари учун Ўзбекистон бўйлаб инфо-тур ташкил этди.

QNA медиа вакилларининг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари бўйлаб саёҳати ҳақида мақола эълон қилган. Хорижий ҳамкасбларимизнинг миллий ҳунармандлик ва гастрономияга бағишланган материаллари ёрдамида юртимизга сайёҳлар оқимини ошириш мақсад қилинган.

Муаллиф туризмга иштиёқ уйғотувчи сабаблар ҳақида сўз юритиб, мазали таом татиб кўриш, музей томоша қилиш ва меъморчиликдан завқ олишга чақирган. Бугунги кундаги оммабоп амалиёт – гастрономик туризмни ривожлантириш орқали Ўзбекистон машҳур таомлари билан муайян бозорлар талабига мос таклифлар тақдим этаётгани таъкидланган.

Хуллас, қатарлик ОАВ вакиллари томонидан тайёрланган маҳсулотлар туфайли жаҳон жамоатчилиги юртимиз тарихи, табиати, халқимиз турмуш тарзи ва маданияти, урф-одати ва анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА