Мамлакатимизда турли спорт мусобақалари, миллий чемпионат ва халқаро турнирларни ўтказиш анъанага айланиб бормоқда.
Пойтахтимиздаги «Анҳор Локомотив» паркида пауэрлифтинг бўйича ўтказилган “Tаshkent Power” турнирида юртимиз спортчилари қаторида Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Россия, Тожикистон ва Украина терма жамоаларининг маҳоратли спортчилари куч синашди.
Ўзбекистон пауэрлифтинг федерацияси қайта ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмаса-да, миллий чемпионатлар қатори турли халқаро тадбирларни юқори савияда ташкил этиш йўлга қўйилди.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Кемран Ширинов 74 килограмм вазнда ғолиблик шоҳсупасидан жой олди. Қирғизистонлик Баҳром Собиров иккинчи, Украина вакили Антон Ятсевюк учинчи ўринга муваффақ бўлди.
93 килограмм тоифасидаги мусобақалар сарҳисобига кўра, ҳамюртимиз Рустам Ҳамдамовга тенг келадиган рақиб топилмади. У 202,5 кг натижа қайд этди ва ўз вазнида чемпионликни қўлга киритди. Кумуш медаль қозоғистонлик Сергей Юдченкога насиб этган бўлса, ҳамюртимиз Заур Матиев бронза медали билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА