Сўнгги йилларда ўзбек футболчилари дунёнинг турли мамлакатларида легионер сифатида муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Европанинг кучли бешлик чемпионатларида майдонга тушаётган икки футболчимиз ҳақида қисқача хабар бериб ўтмоқчимиз.
Жумладан, Элдор Шомуродов Италия А Сериясида “Кальяри” жамоасида бу мавсумни ўтказди. Элдор мавсумнинг иккинчи қисмида ўзини кўрсата бошлади ва жамоасига муҳим паллада ўзининг голлари ҳамда аниқ тўп узатмалари билан ёрдам берди. Форвардимиз А Серияда 22 та учрашувда, Италия кубогида иккита баҳсда қатнашди ҳамда майдонда жами 1044 дақиқа ҳаракат қилди.
Энди эса Франция вице-чемпиони бўлган “Ланс” жамоасида бир мавсум ўйнаган Абдуқодир Ҳусанов ҳақида айрим фактларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. 19 ёшида “Ланс”га қўшилган Абдуқодир Лига 1-мусобақасида 11 маротаба майдонга тушди ва жами 811 дақиқа ўйнади. Шунингдек, у УЕФАнинг икки нуфузли мусобақаси – Европа Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасида иккитадан ўйин ўтказди. Ҳозирда 20 ёшли ҳимоячимиз “Ланс”нинг асосий таркибига даъвогар футболчилардан ҳисобланади.
Шу ўринда гарчи Европанинг кучли 5 чемпионатларидан ўрин олмаса-да, Европа футболи ҳавоси уфуриб турган Туркия суперлигасидаги уч нафар футболчимиз ҳақида тўхталиб ўтишни лозим кўрдик. Туркияда “Фотиҳ Карагюмрюк” жамоаси сафида ҳаракат қилган ярим ҳимоячимиз Отабек Шукуров якунланган мавсумнинг ўртасида жамоасини алмаштириб, “Кайсериспор” сафига қўшилди. Шу тариқа у “Фотиҳ Карагюмрюк”да 15, янги жамоасида эса 12 маротаба майдонга тушди. Отабек Шукуров бутун мавсум давомида Суперлигада умумий ҳисобда 1043 дақиқа ҳаракат қилиб, битта ассистни амалга оширди.
Ҳусниддин Алиқулов ўтган ёзда “Насаф”ни тарк этиб, Туркия Суперлигасининг “Ризеспор” жамоаси билан уч йиллик шартнома имзолади. Марказий ҳимоячимиз учун бу трансфер халқаро майдондаги дебют ҳисобланди. У “Ризеспор” таркибида Суперлиганинг 21 та учрашувида ва мамлакат кубогининг битта ўйинида жамоасига ёрдам берди ва 1377 дақиқа ўйнади.
Жорий йил бошида Қатарда ўтган Осиё кубогидаги ажойиб ўйин кўрсатган Азизбек Турғунбоевни “Сивасспор” раҳбарияти эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олди ва бир ярим йиллик шартнома имзолади. Янги жамоада 29 ёшли ҳужумкор футболчимиз 12 та баҳсда майдонга тушди ва жами 812 дақиқа ҳаракат қилди. Азизбек Турғунбоев “Истанбулспор” билан бўлган баҳсда Туркия чемпионатидаги дебют голини урди.
***
“Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон Кубоги 1/8 финал босқичи учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, “Бунёдкор” – “Қизириқ”, “Металлург” – “Сурхон”, “Олимпик” – “Андижон”, “Навбаҳор” – “Бухоро”, “Арал” – “Пахтакор”, “Олимпик МобиУз” – “Хоразм”, “Машъал” – “Қизилқум”, “Сўғдиёна” – “Нефтчи” жуфтликлари 1/8 финал босқичида ўзаро рақобатлашадиган бўлди.
***
Европа Конференциялар лигасининг финал ўйинида “Олимпиакос” ва “Фиорентина” клублари ўзаро рақобатлашди. Учрашувнинг 116-дақиқасида Эл-Кааби гол уриб, “Олимпиакос”ни мусобақа ғолибига айлантирди.
***
Криштиану Роналду “Ан-Наср” жамоаси сафида Саудия Арабистонида тўпурарлик бўйича бир неча рекордларни қайд этди. “Ан-Наср” раҳбарияти келишувга кўра, Роналдуга ҳар мавсум учун 200 миллион евро тўламоқда.
Энди клуб хўжайинлари португалиялик юлдуз билан 2025 йилнинг ёзида тугайдиган шартномани яна бир йилга узайтиришмоқчи. Агар Роналду бу таклифни қабул қилса, битим яна бир йилга узайтирилади ва маош ошади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА