Қарши шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасида ўтаётган Ўзбекистон кубогида 600 нафардан зиёд полвонлар иштирок этмоқда. Мусобақанинг навбатдаги кунида эркаклар -73 ва -81 кг. вазнда, аёллар эса -63, -70 кг. вазн тоифаларида ўзаро рақобатлашди.

Вазни 73 килограммгача бўлган полвонларнинг сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида Муҳриддин Ғиёсов финалда Жавоҳир Ражабовни енгиб, олтин медални қўлга киритди. Финалчиларга мағлуб бўлган Элбек Тожиев ва Ҳожиакбар Тошев эса бронза медали билан тақдирланди. Шунингдек, -81 кг. вазн тоифасида Зулфиддин Усмонов, Бобур Янгибоев, Муҳаммад Мамадалиев ҳамда Рўзимурод Шомуродов шоҳсупага кўтарилди.

Аёллар ўртасидаги 63 килограммгача вазнда ўтказилган беллашувларда Асал Каримжонова барча рақибларини енгиб, мусобақа ғолибига айланган бўлса, Ҳожар Шапоатова вице-чемпионга айланди. Динора Эгамберганова, Гулираъно Сувонқулова каби дзюдочиларимиз ушбу вазнда учинчи бўлди.

-70 кг. вазн тоифасида ўтган финал баҳсида Хоразм вилоятининг икки вакиласи Хуршида Раззоқбердиева ҳамда Барчиной Қодирова мусобақа ғолиблиги учун курашди. Унда Хуршиданинг қўли баланд келди. Дарвоқе, хоразмлик полвонларга ярим финалда мағлуб бўлган Мухлиса Турдиева, Азада Медетбаевалар бронза медалига эга чиқди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА