Бугун Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак навбатдаги сайлов 2024 йил 4 июлга белгиланганини эълон қилади ва амалдаги парламент таркиби тарқатиб юборилади.
Ҳукумат раҳбари 22 май куни миллатга мурожаатида парламентни тарқатиш ва 4 июлда сайлов ўтказиш тўғрисида қиролликдан рухсат олганини маълум қилди. Қонунга кўра, парламент сайловдан 25 иш куни олдин тарқатиб юборилиши керак. Шундан кейин Жамоатчилик палатаси (қуйи палата)да барча курсилар бўшайди, депутатларнинг парламентга аъзолиги тугатилади, Қонун чиқариш органи ва қўмиталар фаолияти ҳам тўхтайди. Лордлар палатаси аъзолари (юқори палата) жойини тарк этмайди, лекин иш юрита олмайди. Янги таркиб шакллангунга қадар Бош вазир ва амалдаги Вазирлар Маҳкамаси вазифасини бажаришда давом этади, аммо парламент аъзолигидан чиқарилади. Сайлов олди кампанияси даврида уларнинг ваколати чекланади.
Таъкидланишича, овоз бериш натижаси 5 июлда ошкор қилинади. Янги парламентнинг илк мажлиси 9 июлга режалаштирилган. Шу куни Жамоатчилик палатаси спикерни сайлайди, депутатлар қасамёд қилади.