29 май – Баҳрайн билан дипломатия муносабати ўрнатилган кун

Жануби-ғарбий Осиёда, Форс қўлтиғидаги Баҳрайн оролларидан иборат Қиролликнинг пойтахти – Манама. Мамлакат таркибига кирадиган 33 оролнинг энг йириклари – Баҳрайн, Муҳаррак, Умм-Насан, Ҳовар.
Расмий тили – араб, асосий аҳолиси ҳам араблар бўлмиш мамлакатда эрони, покистонлик ва ҳинд миллати вакиллари ҳам яшайди.
Баҳрайн – конституциявий монархия, давлат раҳбари – Амир ва бир палатали Миллий Кенгаш (парламент) қонун чиқаради, ижро ҳокимияти – Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат.
1973 йил мамлакат конституцияси қабул қилинган. 1973-75 йилларда конституцияга мувофиқ Миллий Ассамблея (парламент) чақирилди, бироқ 1975 йил Амир фармони билан тарқатиб юборилди. 1992 йил 40 кишидан иборат Маслаҳат Кенгаши тузилгани эълон қилинди. Ушбу кенгаш қонун лойиҳалари ва турли соҳалар бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. Кенгаш таркибини Амир белгилайди.
Баҳрайн номи милоддан аввалги 3 минг йилликларга мансуб манбаларда тилга олинган. Марварид-дури билан машҳур бўлган ушбу ҳудуд 1521 йил Португалия томонидан босиб олингунга қадар 8 аср мобайнида мустақил араб-мусулмон давлати эди. Португаллар бу ерда узоқ турмади. 1602-1783 йиллари Баҳрайн Эрон ҳукмронлиги остида бўлди. 1820 ва 1861 йилдаги битимлардан сўнг Британия империяси измига ўтди, яъни яна мустамлакага айланди.
1971 йил мустақилликка эришган мамлакат 1971 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрам – Миллий кун 1971 йил 16 декабрдан буён нишонлаб келинади.
1992 йил 29 майда дипломатия муносабатини ўрнатган Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича томонлар мавжуд имкониятдан тўлиқ фойдаланяпти, деб бўлмайди. Мутахассислар фикрича, Баҳрайндан Ўзбекистонга сармоя жалб этиш, мева-сабзавотни Баҳрайнга экспорт қилиш, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарадиган қўшма корхоналар ташкил этиш, туризмни ривожлантириш истиқболли йўналишлардир.
Бу икки мамлакат маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришда ҳам улкан салоҳиятга эга. Олимлар, маданият ва санъат намояндалари, спортчилар ҳамкорлиги халқларимиз ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бир неча йил аввал мамлакатимиз етакчи хотин-қизлари делегацияси Манама шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган хайрия бозорида халқ амалий санъати намуналари, мусаввирларимиз асарларини намойиш этган. Ўшанда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Баҳрайн Оналар ва болаларни ҳимоя қилиш жамияти ҳамкорлиги тўғрисида баённома имзоланган.
2019 йил 24 февраль куни Манама шаҳрида Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида шартномавий-ҳуқуқий масалалар бўйича Ўзбекистон – Баҳрайн маслаҳатлашуви бўлиб ўтди. Музокара чоғида мавжуд юридик базани инвентаризация қилишдан ташқари сиёсат, иқтисодиёт, туризм ва бошқа йўналишлардаги муносабатнинг ҳолати кўриб чиқилиб, истиқболли масалалар муҳокама қилинди. Имзоланган битимларнинг ҳуқуқий мақомига аниқлик киритилди, ҳужжатлар самарали ижросиини таъминлаш учун икки мамлакат тегишли идора ва ташкилотлари фаолиятини жадаллаштиришга келишиб олинди.
Ҳамкорларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароит, экспортни рағбатлантириш ва туризмни ривожлантириш борасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.
83 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектини бирлаштирган Баҳрайн Савдо-саноат палатаси вакиллари, ўз навбатида, меҳмонхона бизнеси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш соҳаларидаги истиқболли инвестицион лойиҳаларда иштирок этиш учун мамлакатимиз ишбилармон доира вакиллари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга қизиқиш билдирди.
Жорий йил апрель ойида Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари иккинчи учрашуви доирасидаги тадбирларда иштирок этган Баҳрайн Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид Ал-Заёний бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашув давомида кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш масаласи кўтарилди. Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда сиёсий маслаҳатлашув механизмини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, банк-молия, автомобиль ва темир йўллари қурилиши, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш каби устувор йўналишларда дастур ва лойиҳаларни илгари суриш учун салоҳият, кенг имконият мавжудлиги таъкидланди.
Шу йил қўшма Ҳукуматлараро қўмитанинг илк йиғилишини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ва Баҳрайн етакчи компаниялари вакиллари иштирокида Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш режалаштирилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА