Анадолу ахборот агентлиги вакиллари ЎзАда

236

Бугун дунё ахборот оламида ўз ўрнига эга бўлган Туркиянинг Анадолу агентлиги вакиллари – Ижроия кенгаши аъзоси, доктор Исмоил Чағлар, Нашрлар ва материаллар координатори Оғуз Каракаш, Маркетинг ва бизнесни ривожлантириш бўйича директор Эрман Юксел Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ташриф буюришди.

Икки мамлакат етакчи ахборот агентликлари вакиллари ўртасида кечган мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Туркия ўзаро стратегик шериклик муносабатини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом этаётгани қайд этилиб, меҳмонларга юртимизда турли соҳалар қатори медиа маконида юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Учрашувда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги алоқалар турли соҳада жадал ривожланаётгани, айни жараёнда Ўзбекистон билан ишончли ахборот алмашиш муҳимлиги таъкидланди.

– Ҳар сафар турк биродарларимиз, ҳамкасбларимизни кўрганда қувонамиз, – деди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов. – Анадолу билан дўстона, изчил тажриба талаб этадиган алоқани йўлга қўйганмиз. Давлатларимиз раҳбарлари учрашуви жараёнида ЎзА ва Анадолу меморандум имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, агентликларимиз ўртасидаги Ҳамкорлик битими 2022 йил 29 март куни Тошкент шаҳрида имзоланган.

– Ўзбекистонда, жумладан ЎзАда бўлиб турганимиздан жуда мамнунмиз, – деди Маркетинг ва бизнесни ривожлантириш бўйича директор Эрман Юксел. – Айни пайт 104 ёшга тўлган Анадолу жаҳонда юз бераётган энг муҳим воқеаларни тезкор ёритмоқда. Ташкилотимизнинг 39 мамлакатдаги 140 дан зиёд офисида юзлаб журналист, фотомухбирлар фаолият юритади.

Мулоқот чоғида меҳмонлар ўз жамоаси тўғрисида маълумот бераркан, Анадолу жаҳоннинг Ассошиэйтед Пресс, BBC каби машҳур интернет нашрлари қаторида туришига алоҳида урғу берилди. Дарвоқе, ушбу сайт 13 тилда ахборот тарқатади. Халқаро майдонда ҳам шерикликни ривожлантираётган турк нашри мунтазам равишда нуфузли халқаро семинарлар ташкил қилиб келади. Анадолу ташаббуси билан ўтган йил 6 ноябрь куни Истанбулда Туркий давлатлар ахборот агентликлари альянсини таъсис этишга бағишланган йирик мажлис ўтказилган эди. Ўшанда тегишли Қўшма декларацияни Ўзбекистон (UzA), Туркия (Turkic States AA), Қозоғистон (QazContent), Озарбайжон (Azertac) ва Қирғизистон (Kabar) давлат медиа тузилмалари раҳбарлари имзолаган.

Суҳбат давомида жорий йил 21-23 июнь кунлари ўтадиган уюшманинг навбатдаги мажлиси кун тартиби ҳам муҳокама қилинди. Журналистларнинг хабар тайёрлаш салоҳиятини ошириш, турли мавзуларда билими, тажрибасини ошириши муҳимлиги айтилди. Хусусан, 1-12 июль кунлари Анқара шаҳрида ҳарбий журналистика кўникмасини ўзлаштириш бўйича уюштириладиган тренинг ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Бугунги глобал ўзгаришлар даврида ахборот маконининг долзарб аҳамиятидан келиб чиқиб, айниқса, давлат раҳбарлари даражасидаги тадбирлар мундарижасига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Беҳруз Худойбердиев, Рустам Назарматов (фото), ЎзА