Хитой Марказий Осиё ОАВ билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда (+видео)

267

Бугунги глобаллашув жараёнида мамлакатлар билан очиқ, самимий мулоқот ўрнатиш тинчлик ва осойишталикни сақлашдаги муҳим омиллардан бири саналади. Бу борада шаксиз оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари бошқа минтақалар, хусусан Хитой Халқ Республикаси билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга интилмоқда. “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси ҳам айни мақсадга хизмат қилади. Мазкур ташаббус доирасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, жумладан минтақадаги ОАВ ҳамкорлигини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилган.

Маълумки, Шинжон Уйғур автоном райони Хитойни нафақат Марказий Осиё, балки Европа билан боғлайдиган муҳим макон ҳисобланади. Шу боис ушбу ҳудудда барча соҳаларни ривожлантириш жараёнида журналистлар учун эркин маълумот олишни таъминлайдиган медиа макони яратиш давр талаби.

Шу ўринда таъкидлаш керак, Ўзбекистон ва Хитой ОАВ ўртасидаги алоқалар кейинги йилларда жадаллашди. Марказий Осиё давлатлари журналистлари учун Шинжон-Уйғур автоном райони бўйлаб ташкил этилган навбатдаги саёҳат айни жараённинг узвий давоми бўлди. Пресс-турга таклиф этилган Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон журналистлари ҳудуднинг тарихи, маданияти, санъати, бой маданий мероси билан бирга кенг кўламли ислоҳотлар, қурилиш, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.

– Бугун дунёда содир бўлаётган шиддатли жараёнларни ҳаммамиз кузатиб боряпмиз, – дейди “Қирғиз туусу” газетаси бош муҳаррири ўринбосари НарангулНазаралиева. – Геосиёсий майдонда Хитой билан алоқаларни тўғри йўлга қўйишда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси муҳим аҳамиятга эга. Бу лойиҳа орқали, жумладан, ОАВ ходимлари ўртасида эркин мулоқот майдонини ташкил этиш, ўзаро фикр, тажриба алмашишни йўлга қўйиш ҳам назарда тутилган. Биз бу ерда давлатнинг ўз халқига, шу ҳудудда яшаётган турли миллат вакилларига кўрсатаётган эътиборини кўрдик.  Айниқса, тарих, маданият, урф-одат ва анъаналарни асраб қолиш борасида қилинган ишлар таҳсинга сазовор. Эски шаҳарлар тикланяпти, қадимий ҳовлилар, ҳатто юз йиллаб олдин қурилган, авлоддан авлодга ўтиб келаётган уйлар таъмирланиб, фойдаланишга топшириляпти. Энг муҳим, бу манзиллар сайёҳлар учун қизиқарли манзилга айлантирилаётгани эътиборимизни тортди. Бу тарихий уйларда ҳам истиқомат қилиб, ҳам меҳмонларни кутиб, ойига 3 минг долларгача даромад топаётган хитойликларни кўрдик. Бу тажрибани Марказий Осиёдаги барча давлатлар оммалаштирса айни муддао. Зеро, қардош юртларимизнинг барчасида ўзига хос бой тарих, маданият, улкан салоҳият бор.

Мамлакат шимоли- ғарбидаги Хоргос шаҳрида Марказий Осиё ва Хитой оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги офисининг очилиши Пресс-турнинг асосий воқеасига айланди.

Эътиборли жиҳати, ахборот алмашинуви ва ҳамкорлик учун муҳим платформага айланиши кутилаётган ушбу марказ Ўзбекистон ва Хитой дўстлигини мустаҳкамлашга ҳам муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Медиа марказнинг очилиш маросимида қайд этилганидек, Хоргос “Бир макон, бир йўл” лойиҳасидаги муҳим манзиллардан бири. Бу ерда қўшма амалий станция ташкил этилиши шерикликни мустаҳкамлаш сари ташланган муҳим қадамдир.

Хитой ва Қозоғистон чегарасидаги Хоргос шаҳрини Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғи, дейиш мумкин. Бу ерда қад ростлаган кўркам шаҳар, қулай инфратизим, йўл қурилишидаги ўзига хос ечим замонавий Буюк ипак йўлининг ҳаётийлиги, буюк қудратини намоён этгандек, гўё.

Хоргос чегара манзилини шаҳарга айлантириш бундан 10 йил аввал бошланган эди. Нисбатан қисқа вақт давомида замонавий, мўъжаз шаҳар барпо этилиб, нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик ишбилармонлар, савдогарлар учун ҳам мислсиз қулайлик яратилди.

– Ҳудудда ўтган йил Хитойнинг бир неча газетаси ва Қозоғистон ОАВ учун иш жойи очилди, – деди CNS Шинжон филиали бош муҳаррири  Ван Цзиньшэнь. – Бу ерда ҳамкорликда фаолият олиб бориш учун кенг имконият яратилган. Масалан, Хоргосга Марказий Осиё давлатларидан визасиз кириш тартиби жорий қилинган. Табиийки, ушбу медиа офиси Ўзбекистон учун ҳам жуда қулай. Умуман, мажмуа энди минтақанинг барча давлатлари учун очиқ. Жумладан, Ўзбекистон билан ҳам бемалол медиа алмашинувини йўлга қўйиш мумкин. Сўнги йилларда давлатларимиз ўртасида турли соҳалар бўйича кенг кўламли ҳамкорлик ўрнатилган. Дўстона алоқалар самарасини кенг жамоатчиликка кўрсатиш вазифаси айнан ОАВ ходимлари зиммасига клкан  масъулият юклайди. Марказ айнан шу жараёнда журналистларга яқин кўмакчи, деб ўйлаймиз. Келгусида минтақа давлатлари билан бирга халқларимиз жипслигини янада мустаҳкамлайдиган йирик анжуманлар ўтказиш режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, Хитой – Марказий Осиё медиа уйи очилиши икки ва кўп томонлама мулоқотни йўлга қўйишга кўмаклашади. Хусусан, Шинжон-Уйғур ва Марказий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий дўстлик, шунингдек, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасидаги умумий саъй-ҳаракатлар самараси ҳақида турфа мақола, репортаж ва ҳикоялар яратилишига хизмат қилади.

Гўзал Сатторова, ЎзА

Тошкент – Хоргос – Тошкент