Ўзбекистон фуқаролари энди Таиландга визасиз боришлари мумкин

212

Таиланд Қироллиги Вазирлар Маҳкамаси мамлакатга хорижлик сайёҳларни жалб қилишга қаратилган бир қатор янги виза ташаббусларини маъқуллади, деб хабар беради Bangkok Post нашри.

Янги қоидаларга кўра, фуқаролари Таиландга визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган мамлакатлар сони  57 тадан 93 тага кўпаймоқда. Ушбу тартиб амал қиладиган 36 та давлатлар қаторига Камбоджа, Хитой, Ҳиндистон, Ямайка, Қозоғистон, Лаос, Мексика, Марокко ва Ўзбекистон кирди.

Бундан ташқари, визасиз режим бўйича мамлакатда қолиш муддати 30 кундан 60 кунгача узайтирилди. Шунингдек, ҳукумат 31 та давлатга кириш визалари берилишини маъқуллади (илгари уларнинг сони 19 та эди).

Дам олиш ва ишни уйғунлаштирувчилар учун 180 кунгача қолиш ва яна шу муддатга узайтириш имконияти билан беш йиллик виза  жорий қилинди. Олдин сайёҳларнинг мамлакатда энг кўп қолиш муддати 60 кунни ташкил этган.

“Бу чора-тадбирлар масофадан туриб ишлайдиган “рақамли кўчманчилар”, фрилансерлар ҳамда Таиланд бокси ва ошхонаси сирларини ўрганмоқчи бўлганларга қаратилган”, – дея изоҳ берди ҳукумат вакили Чай Вачаронке.

Таиланд олий ўқув юртларида таҳсил олаётган хорижий талабалар энди ўқиш тугаганидан кейин мамлакатда яна бир йил давомида қолишлари мумкин.

Ҳукумат вакили шунингдек, сентябрь ойидан бошлаб Таиланд консуллиги ва элчихоналарида электрон виза учун ариза бериш пунктлари сони 47 тадан 94 тагача оширилишини ҳам маълум қилди. Ушбу янгиликлар жорий йилнинг 1 июнидан кучга киради.

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА