Тадбиркорлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқиш Бизнес-омбудсман ваколатига кирмайди

225

Маълумки, Бизнес-омбудсман Президент ҳузуридаги ташкилот бўлиб, у республика бўйлаб ҳар бир ҳудудда ўз вакилларига эга. 7 йиллик фаолияти давомида мазкур ташкилот тадбиркорларнинг 39 мингдан ортиқ мурожаатларини кўриб чиқди ва бу даврда тадбиркорлар фойдасига 250 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайтарилишига эришилди.

Аммо, тадбиркорлар ўртасидаги низоларни кўриб чиқиш Бизнес-омбудсман ваколатига кирмайди. Бу борада ишбилармонларга низоларни ҳал қилишнинг муқобил йўли – медиациядан фойдаланиш тавсия қилинади.

–Медиация – келиб чиққан низони тарафларнинг ўзаро маъқул қарорга эришиши учун томонларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир, – деди Бизнес-омбудсман ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова. – Жумладан, тадбиркорлар ўртасидаги низоли вазиятларда медиациядан фойдаланиш ортиқча пулни тежайди, яъни давлат божи, экпертиза ҳамда юристлар ва адвокатлар учун кетадиган харажатларни минималлаштиради. Низони ҳал қилиш учун сарфланган вақтни сезиларли даражада камайтиради. Негаки судларда ишнинг қанча муддат давом этиши номаълум бўлади.

Шунингдек, судлардан фарқли равишда, медиация ўзаро алоқаларни яхшилаб, низоларни конструктив ҳамкорликка айлантириш имконини беради. Бундан ташқари, келишилган битимда томонлар ўзларининг имкониятларидан келиб чиқиб, мажбуриятлар ва уларнинг бажарилиш муддатларини ўзлари белгилашлари мумкин бўлади.

Хўш, медиаторга ишбилармонлар қандай мурожаат қилса бўлади? Маълумки, Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида профессионал медиаторлар рўйхати ва уларнинг телефон рақамлари акс этган бўлиб, у рўйхат доимий янгилаб турилади.

Медиациядан фойдаланиш учун бу ҳақда ёзма шаклда келишув тузилиши лозим ва шу келишувга кўра тарафлар бир ёки бир неча медиаторни танлаши мумкин бўлади.

 

Гулноза Бобоева,  

ЎзА