ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси Ўзбекистонда

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф дастурига мувофиқ ЭБМ экспертлари қатор вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари билан учрашади.
Қайд этиш жоизки, ЕХҲТ ДИИҲБ методологияси бўйича эҳтиёжларни баҳолаш муайян сайлов олдидан амалга оширилади. Сайловолди ҳолатига бериладиган баҳо ҳамда миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мослиги натижаларидан келиб чиқиб, сайловни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, кузатиш шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарурий сони ҳақида қарор қабул қилинади.
Куни кеча ЕХҲТ ДИИҲБ сайлов департаменти катта маслаҳатчиси Кеара Кастальдо ҳамда сайловлар бўйича маслаҳатчиси Каха Инаишвили Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев билан учрашди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси ахборот хизмати маълум қилди.

Учрашувда ДИИҲБ сайловларни кузатиш Миссияларининг натижалари бўйича берилган тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.
Умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари, шунингдек, Бюронинг якуний ҳисоботларида келтирилган тавсияларни ҳисобга олган ҳолда миллий сайлов қонунчилиги ва сайлов тизимини янада такомиллаштиришда 2023 йил 18 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни муҳим аҳамиятга эга экани таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, экспертлар парламент қуйи палатаси ва сайлов органлари тизимидаги ўзгаришлар билан танишди. Маълумки, мамлакатда сайлов органларининг ягона марказлашган тизими шакллантирилмоқда, парламент қуйи палатасига сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади.
Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари ДИИҲБ миссияларининг 2023 йилда ўтказилган референдум ва муддатидан илгари Президент сайловини кузатиш бўйича якуний ҳисоботларини таҳлил қилиш ва улардаги тавсияларни сайлов қонунчилиги ва амалиётига жорий қилиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани учун миннатдорлик билдирди.
М.Комилова,
ЎзА