«Баркамол авлод» спорт мусобақалари ғолиблари «Президент совғаси» тўплами билан тақдирланди

286

Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш мақсадида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Пойтахтимизда «Баркамол авлод» спорт мусобақаларининг ғолиб жамоаларига «Президент совғаси»ни топшириш ҳамда «Талабалар лигаси» спорт мусобақаларининг республика босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Қайд этиш лозимки, республиканинг барча ҳудудида академик лицей ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Баркамол авлод» спорт мусобақалари навбатма-навбат ўтказилди.

Тадбирни Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов кириш сўзи билан очиб, мусобақа ғолиб ва совриндорларини қутлади ҳамда спортнинг инсон саломатлигидаги аҳамияти, ёшларни зарарли одатлардан асрашдаги ўрни муҳимлигини таъкидладилар.

Мусобақа спортнинг 16 та тури – бадминтон, баскетбол, белбоғли кураш, волейбол, гандбол, дзюдо, енгил атлетика, кураш, футбол, стол тенниси, стритбол, эркин ва юнон-рум кураши, шахмат, шашка, воркаут бўйича ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Мусобақаларнинг биринчи – таълим муассасаси босқичида 96 минг 424 нафар, иккинчи – туман-шаҳар босқичида 72 минг 436 нафар, учинчи — ҳудудий босқичда 22 минг 924 нафар, тўртинчи – республика финал босқичида 2 минг 464 нафар ўқувчи-ёш иштирок этган.

Республика финал босқичининг якуний натижаларига кўра, 1-ўринга Тошкент шаҳри, 2-ўринга Бухоро вилояти, 3-ўринга Андижон вилояти муносиб деб топилди. Ушбу терма жамоалар 192 миллион сўмлик «Президент совғаси» тўплами билан тақдирланди.

Шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида илк марта оммавий равишда ўтказилган «Талабалар лигаси» спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари ҳам мазкур тадбирда тантанали тақдирланди.

Спортнинг футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, шахмат турлари бўйича ўтказилган «Талабалар лигаси» спорт мусобақаларида республика бўйича жами 12 минг 365 та жамоа фаол иштирок этди.

Мусобақаларнинг 1-босқичида 147 та ОТМдан 562 минг 154 нафар, 2-босқичида 21 минг нафар, 3-республика босқичида 42 та ОТМнинг мингдан ортиқ талаба-ёшлари ўзаро беллашди. Ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.

Тақдирлаш маросимида талабалар иштирокидаги мусиқий чиқишлар намойиш этилди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА