29 май куни пойтахтимиздаги Ислом Каримов халқаро аэропортида Перу пойтахти Лима шаҳрида оғир атлетика бўйича якунланган жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган оғир атлетикачиларимиз тантанали кутиб олинди.

Халқаро оғир атлетика федерацияси томонидан ташкил этилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси  2 та олтин, 6 та кумуш ва 4 та  бронза медалини қўлга киритиб, ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этди.

Океан орти мамлакатида ўтган жаҳон чемпионатида 6 нафар спортчи билан иштирок этган  Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари 20 та вазннинг 6 тасида совринли ўринларга эга чиққанлиги мамлакатимизда маҳоратли ёш спортчиларни танлаш, саралаш ва уларда нуфузли мусобақалар кўникмасини шакллантириш тўғри йўлга қўйилганлигини кўрсатди.

Ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган ёш спортчиларимизни кутиб олиш маросимида иштирок этган Спорт вазирлиги, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутахассислари, спортчиларнинг ота-оналари, яқинлари ва кенг жамоатчилик вакиллари мусобақанинг аҳамияти, ўсмир спортчиларимизнинг техник-тактик ҳаракати, мураббийларнинг шогирдларига кўрсатган далдаси муваффақиятга омил бўлганлигини таъкидлашди.

Айтиш лозимки, олис Перуда кечган жаҳон чемпионатида совринли ўринларни эгаллаган терма жамоамиз спортчилари Бекзод Ғофуржонов, Маржона Абдумуталова, Руслан Раҳматжонов ва Омадилло Олимов тимсолида юртимизда маҳоратли ёшларнинг янги авлоди камолга етаётганлигини, улар жаҳондаги тенгдошлари орасида ўз ўрнига эга шижоатли спортчилар эканлигини исботлашди.

Кутиб олиш жараёни, спортчиларнинг, ота-оналарнинг мусобақа тўғрисидаги фикрлари билан ЎзАнинг YouTube канали орқали танишишингиз мумкин.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбири