Испанияда Фаластинни мустақил давлат сифатида расман тан олиш қарори маъқулланди. Бу ҳақда қироллик Вазирлар кенгаши йиғилиши якуни бўйича ҳукумат расмий вакили маълум қилди.
– Бу тарихий қарордан кўзланган ягона мақсад – тинчликни таъминлаш, – деди мулозим. Ташқи ишлар вазири Хосе Мануэль Aльбарес, ўз навбатида, бу қадамни “бурилиш нуқтаси” ва Яқин Шарқда “тинчликка эришишнинг ягона йўли” деб атади. Унинг таъкидлашича, Фаластин муаммосини ҳал қилишда икки давлат тамойилидан бошқа муқобил қарор бўлиши мумкин эмас.
Вазир яқин кунларда Словения ҳам Фаластин мустақиллигини тан олишига ишонч билдирди.
Испания Бош вазири Педро Санчес Шарқий Қуддус мустақил Фаластин пойтахтига айланиши, Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳил ягона Фаластин миллий ҳукумати назорати остида бўлиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, бу икки ҳудудни боғлайдиган йўлакка эҳтиёж борлигига ҳам ишора қилди.
Сиёсатчи айтишича, Мадрид 1967 йилдаги чегара бўйича томонлар ўртасида келишилмаган ўзгаришларни тан олмайди.
Aввалроқ Норвегия ва Ирландия Фаластинни тан олиш ниятида эканини маълум қилган.