Санкт-Петербург шаҳри вице-губернатори билан учрашув

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Санкт-Петербург шаҳри вице-губернатори Олег Эргашев бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Унда пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов, ҳоким ўринбосарлари, тиббиёт ва таълим соҳасидаги мутасаддилар иштирок этди.
Маълумки, мамлакатимиз ва Россия икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги юксак даражаси ва ўзига хослиги, давлатлараро ҳамкорликнинг барча соҳа ва йўналишларини қамраб олган. Бу борада куни кеча икки давлат раҳбарлари учрашувларида ҳам таъкидланди.

Шунга кўра, учрашувда икки давлат раҳбарларининг очиқлик сиёсати натижасида Тошкент шаҳри билан Россия Федерацияси ҳудудлари ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш имконияти яратилгани айтилди ва бу имкониятдан тўлақонли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Иқтисодиёт, инвестициялар, бизнес, саноат соҳалари билан бир қаторда ижтимоий соҳаларда ҳам ҳамкорликни, ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Вице-губернатор Тошкент шаҳрида бўлиб турганидан хурсандлигини ва истиқболда кўплаб янги лойиҳалар орқали ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди. Жумладан, яқин кунларда россиялик педиатрия, онкология соҳаси мутахассислари Ўзбекистонга ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш учун юборилишини маълум қилди.
Учрашув якунида тарафлар самарали ҳамкорлик учун мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Гулноза Бобоева, ЎзА