Маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар тўқимачилик соҳасида эришган ютуқларини намойиш этмоқда

288

Ўзбекистон тўқимачилик соҳасида улкан натижаларга эришди. Хусусан, бугунги кунда маҳаллий тўқимачилик саноати жаҳон бозорларида муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатимиз корхоналарининг маҳсулотлари нафақат анъанавий бозорларда, балки Европа Иттифоқи мамлакатлари, ҳатто Африка ва Лотин Америкаси бозорларида сотувлари миқдори тобора ошиб бораяпти. Бу эса йилдан йилга ишлаб чиқариш ва экспортнинг умумий ҳажми ўсиб бораётганидан далолат беради.

Бугун Тошкентда ўз ишини бошлаган “Тўқимачилик ва мода саноати – UzTextile Expo Баҳор 2024” 8-халқаро кўргазмасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ана шундай ютуқлари билан яқиндан танишиш имконияти яратилди.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу тадбирда Ўзбекистон, Беларусь, Ҳиндистон, Хитой, Россия, Тожикистон, Туркиядан 250 та компания тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари билан қатнашмоқда.

Кўргазма очилишида қайд этилганидек, сўнгги йилларда республикада енгил саноатнинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларнинг турлари ва ассортиментини кенгайтириш ҳамда корхоналарнинг инвестиция ва экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бу эса ишлаб чиқарилаётган пахта толаси ва ип калавани қайта ишлаш бўйича кўплаб қувватларни яратиш имконини берди.

Йилига икки марта ўтказиладиган ушбу кўргазма ҳам ишлаб чиқарувчиларнинг потенциал мижозлари билан ишбилармонлик алоқалари, савдо бозорларини кенгайтириш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун самарали платформа ҳисобланади. Унда ишлаб чиқарувчилар, дизайнерлар ва мутахассислар учрашиб, фикр ва тажриба алмашиши ва сўнгги ишланмалари ҳақида мулоқот қилади. Яна энг муҳими, ушбу кўргазмада тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларининг бутун ишлаб чиқариш занжири – калава-ипдан тайёр кийимгача иштирокчилар эътиборига ҳавола этилади.

Ташкилотчилар тақдим этган маълумотга кўра, кўргазма экспозициясидан 60 та маҳаллий корхонанинг сўнгги ишланмалари ва юқори сифатли маҳсулотлари ҳам жой олган. Улар орасида “Идеал текстиль орзу” масъулияти чекланган жамияти ҳам бор.

–Корхонамиз “Идеал” бренди асосида эркаклар кийим-кечакларини ишлаб чиқаради. Ҳозирги кунда “Идеал текстиль орзу” масъулияти чекланган жамияти таркибида олтита фабрика ва уларда минг нафардан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Маҳсулотларимиз Ўзбекистон бозоридан ташқари МДҲ, Туркия ва Европа бозорларига экспорт қилинади, – деди ушбу корхона бўлим бошлиғи Муҳаммаджон Қодиров.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА