Хорижда ишловчи фуқаролар муаммоларга дуч келса, қаерга мурожаат қилишлари керак? (+видео)

Бугунги кунда 2 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари хорижда меҳнат мигранти сифатида яшамоқда.
Улар ишлаш, яшаш жараёнида муаммоларга дуч келса, қаерга мурожаат қилишлари ва қандай ёрдам олишлари мумкинлиги хусусидаги саволга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассиси Алишер Қодиров қуйидагича изоҳ берди.
—Хорижда ишлаш жараёнида оғир ҳаётий вазият ёки турли муаммоларга учраган фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг расмий саҳифаларига, қисқа рақамлар орқали ўзлари ёки оила аъзолари томонидан мурожаат қилишлари мумкин.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳозирда Россия федерациясининг 16 та шаҳрида, Қозоғистон Республикасининг Чимкент вилоятида, Корея Республикасининг Кванджу, Туркиянинг Истанбул шаҳрида ваколатхоналари мавжуд.
Мана шу давлатларда бўлиб турган фуқароларимиз ўзларига яқин бўлган ҳудуддаги агентликнинг ваколатхоналарига ташриф буюриб ёки ишонч телефонлари орқали мурожаат қилиб, муаммоларини бартараф қилиш бўйича ечим топишлари мумкин.
Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида агентликнинг ҳудудий филиаллари мавжуд бўлиб, фуқароларнинг оила аъзолари улар номидан мурожаат қилиш имконияти мавжуд.
Агентликнинг ваколатхоналари мавжуд бўлмаган давлатларда эса Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик муассасаларига мурожаат қилишлари тавсия этилади. Шунингдек, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб агентликнинг туну кун, яъни 24 соат давомида ишловчи Call-маркази ташкил этилмоқда. Ушбу Call-марказга дунёнинг исталган бурчагидан фуқаролар мурожаатларини йўллашлари мумкин.
Агентликка турли масалалар бўйича 500-600 нафар фуқародан мурожаатлар келиб тушади. Мурожаатлар кўпроқ хориж давлатларига кетиш тартиблари, ишлаш даврида ойлик маоши билан боғлиқ бўлади. Бизга мурожаат қилган фуқароларга ҳуқуқий, ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
2020 йилгача Корея, Қозоғистон ҳамда Россия давлатига фуқаролар ташкилий тартибда юборилган бўлса, бугунги кунда агентлик орқали Германия, Англия, Шарқий Европа давлатлари, Бирлашган Араб Амирлиги, Япония, дунёнинг ривожланган мамлакатларига ишлаш учун боришлари мумкин.
Шу билан бирга, жорий йил давомида Англия, Германия, Венгрия, Польша, БАА ва Япония давлатларида агентликнинг ваколатхоналарини очиш режалаштирилган. Март ойида Японияда агентлик ваколатхонаси очилди.
Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео), ЎзА