Ўзбекистон-Венгрия: Архив иши соҳасида ҳамкорлик ривожланмоқда

318

Венгрия Республикаси Будапешт шаҳрига амалга оширилган хизмат сафари доирасида бугун “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Венгрия Миллий архиви ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги келишувларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар режаси” имзоланди.

Маълумки, 2019 йилда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида имзоланган “Ўзархив” агентлиги билан Венгрия Миллий архиви ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги баённомага мувофиқ хорижий ҳамкор билан архив иши ва иш юритиш соҳасида ишлар ўрнатилган тартибда амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, мазкур баённома асосида томонларнинг ўзаро ҳужжат алмашиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, томонлар архивлари сақловидаги Ўзбекистон ва Венгрия тарихига оид бўлган архив ҳужжатларини аниқлаш ва уларнинг нусхаларини ўрнатилган тартибда ўзаро алмашишга келишилган.

Жумладан, Венгрия Миллий архиви томонидан Ўзбекистонга оид 70 та архив ҳужжатлари нусхалари келтирилган, хариталар тақдим этилган.

Мазкур имзоланган Режага мувофиқ Венгрия архивлари билан ҳамкорликда эндиликда Ўзбекистон-Венгрия иқтисодий, илмий-маданий алоқалар тарихини ўрганиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилиши режалаштирилди.

Венгрия Миллий архиви ва Будапешт шаҳар архивида Иккинчи жаҳон уруши йилларида Будапешт шаҳрини озод қилишда иштирок этган ўзбек аскарлари ҳамда ҳарбий асирлари ҳақида ҳужжатли маълумотлар ҳам сақланади. Шунингдек, мазкур архивларда 1960-1980 йилларда Венгрияда ўтказилган Ўзбек адабиёти ва санъати кунлари тўғрисида ва маданий алоқалар тарихига оид ҳужжатлар ҳам сақланади. Мазкур ҳужжатларни ўрганиш икки давлат тарихини ёритиш билан бирга, моддий-маданий бойликларни асраб-авайлаш, истиқболли ҳамкорлик режаларини белгилашга имкон беради.

Венгрия Миллий архиви электрон ҳужжатлар платформасини яратиш, ҳужжатларни рақамлаштириш, қайта тиклаш ва сақлаш борасида ҳам етакчи тажрибага эга. Ушбу тажрибани ўрганиш архив ишини такомиллаштиришга замин яратади.

Гулноза Бобоева, ЎзА