Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий алоқалар кундан-кун юксалиб боряпти. Икки давлат раҳбарларининг Пекин учрашувида муносабатларни ижтимоий соҳада ҳам шу даражага етказишга келишилган эди. Аҳдлашувлар ҳаётга жорий этилмоқда. Хитойнинг ғарбий – шимолидаги Хоргос шаҳрида Марказий Осиё ва Хитой журналистларининг ҳамкорлик уйига асос солинди.
Хоргосда гарчи 30 минг аҳоли яшасада, ҳар куни бу ерга ўн мингга яқин тадбиркорлар келади ва унинг эркин иқтисодий ҳудуди орқали товар айрбошланади. Энди Хоргос журналистлар учун ҳам ахборот айрбошлаш, тажриба алмашиш шаҳрига айланди.
Унинг тантанали очилишида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Хитой оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистик ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар айни чоқда дунёда тинчликни мулоқотлар сақлаши мумкинлиги, бундай мулоқотлар халқлар ўртасида бўлиши муҳимлиги ва бунда оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти катталигини таъкидладилар.
Шу куни Хитой – Марказий Осиё журналистларининг бугуннинг долзарб мавзуларига бағишланган ижодий мулоқотлари бўлиб ўтди. Хитой журналистлар ассосацияси, информацион агентлик, босма нашрлар бош муҳаррирлари Марказий Осиё оммавий ахборот воситалари билан тўғридан-тўғри ўзаро манфаатли шартномалар асосида иш ташкил қилишни таклиф этдилар. Ўзбекистон ва Қирғизистон журналистлари янги ташкил этилган матбуот марказини ўз мамлакатларида содир бўлаётган ислоҳотлар ҳақида узлуксиз равишда ахборот билан таъминлаб туришини таъкидлаб, иштирокчи мамлакатлар халқи учун кўп тилли ягона ахборот сайтини очиш маъқуллигини билдирдилар.
Музокаралар якунида таклифлар инобатга олинди ва шу кундан эътиборан “Хоргос халқаро ахборот уйи” фаолиятини бошлагани эълон қилинди.
Келгусида иштирокчи мамлакат журналистлари малакасини ошириш семинарларини ҳам Хоргосда ташкил этишга келишиб олинди.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА