Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бахтли болалик шарафига» лойиҳаси бўлиб ўтди.

Тадбир Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат ва нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур хайрия тадбирида Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 4 мингдан ортиқ алоҳида эътиборга олинган оила фарзандлари иштирок этиб, улар учун турли маданий тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, китоблар кўргазмаси, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши, расм чизиш танловлари бўлиб ўтди.

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан бугунги кунга қадар болалар маънавий оламини янада бойитишга қаратилган кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Хусусан, халқимизнинг миллий таълим-тарбия услублари, ўзбекона оила моделига асосланиб фарзандларимизни вояга етказиш, болалар маънавий дунёсини бойитиш мақсадида «Зукко болажон!» фотоальбоми тайёрланиб, юртимиздаги барча мактабгача таълим ташкилотларида унинг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун ҳам «Болаларга маърифат улашиб», «Бахтли болалик» лойиҳалари доирасида китоб кўргазмалари, турли кўнгилочар томошалар, концерт дастурлари ўтказилган. Мазкур тадбирлар давомида 10 мингдан ортиқ бола қамраб олинган. «Маърифат тур» лойиҳаси давомида эса ўғил-қизларнинг юртимиздаги қадимий обидалар, қадамжолар ва диққатга сазовор жойларга саёҳати амалга оширилди.

Маданий-маърифий тадбир давомида намойиш этилган мусиқали театр болажонларнинг қувончига қувонч улашди.

 

Н.Усмонова, ЎзА