Перу пойтахти Лима шаҳрида оғир атлетика бўйича якунланган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 12 медалга эга чиқди. Шундан 2 таси олтин, 6 таси кумуш ва 4 таси бронза.

Кеча жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида маҳоратли оғир атлетикачимиз Омадилло Олимов +102 килограмм вазнда кечган баҳсларда иштирок этди. Лима супачасидаги муросасиз мусобақалар сарҳисобига кўра, Омадилло Олимов даст кўтаришда 150 кило, силтаб кўтаришда 195 килограмм ҳамда иккикурашда 345 килограмм тошни бўйсиндирган ҳолда 3 та кумуш медални қўлга киритди.

Айтиш лозим, жаҳон чемпионати давомида Бекзод Ғофуржонов 1 та кумуш ва 2 та бронзага, Маржона Абдумуталова 1 та кумуш, 2 та бронза, Руслан Раҳматжонов 2 та олтин, 1 та кумуш медалга сазовор бўлиши, Дилноза Файзуллаева жаҳон оғир атлетикачи қизлари орасида кучли ўнликдан ўрин олиши мамлакатимизда маҳоратли ёш спортчиларни тайёрлаш, саралаш, йўналтириш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган ишларнинг самараси бўлди, дейиш мумкин.

Т.Рўзиев, ЎзА