Янги фармон

Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграция бўлиши янги тартиб ва тамойилларнинг амалиётга жорий қилиш эҳтиёжини юзага келтирмоқда. Ушбу жараёнларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти юксак бўлиши тақозо этилади. Аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда адлия органларининг олдида жиддий вазифалар турибди.

Шу мақсадларнинг ифодаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Фармонга кўра эндиликда адлия органлари фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этишда мутлақо янгича тизим асосида ишлашга ўтади.

Бунда адлия органларининг қўшимча 4 та янги фаолият йўналишлари белгиланди.

Фармондан кўзланган энг асосий мақсад эса адлия органлари кўпроқ одамлар орасида, маҳаллаларда бўлиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, муаммоларини биргаликда ҳал этишга кўмаклашадилар.

Шу муносабат билан қуйи бўғин – адлия бўлимларига 6 та янги вазифа юклатилдики, ушбу вазифалардан кўзланган энг асосий мақсад жойларда аҳоли кўтараётган долзарб муаммоларни ҳал қилиш, фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилиш, уларнинг ҳуқуқий муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал қилиш ҳамда аҳолига, авваламбор ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш ҳисобланади.

Фармонда адлия органларини халқчил тузилмага айлантириш орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш мақсади кўзланган.

Шунингдек, Фармонга асосан мактабларда ҳуқуқий тарбия ва таълимга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бу орқали ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб чуқурроқ ўргатиш мақсадлари кўзда тутилган.

Мисол учун, мактабларда Ҳуқуқ синфлари ташкил этилиши, Ҳуқуқ оламига саёҳат ўқув дастурлари жорий этилиши ҳамда электрон платформа орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг узлуксиз касбий билимлари оширилиши сўзимизнинг исботидир.

Мамлакат келажаги – қонунга итоаткор ва ҳуқуқбузарликка тоқатсиз ёшлар билан” ғояси ёшларда турли салбий омилларга нисбатан ҲУҚУҚИЙ ИММУНИТЕТНИ шакллантиришга хизмат қилиш шак-шубҳасиздир!

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири бу ҳуқуқий маданиятнинг юқорилиги ҳисобланади. Ҳуқуқ одамни маданийлаштиради. Бунинг натижасида ижтимоий барқарорлик келиб чиқади.

Шу боис Фармон билан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатлари ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятиниаҳолига етказишнинг янги тартиби жорий этилмоқда.

Унга кўра, жорий йилнинг 1 июнидан давлат органларига ҳуқуқий ахборотни етказиш бўйича Ягона ҳуқуқий ахборот алмашиш тизими ишга туширилади.

Яна бир муҳим масала жорий йилнинг 1 июлидан Мадад” нодавлат ташкилотининг барча туман ва шаҳарларда маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;

Фармонда ҳуқуқни қўллашни методик таъминлаш бўйича ҳам алоҳида чоралар белгиланмоқда, соҳага бевосита Адлия вазирлиги масъул ҳисобланади.

Бу борада асосий мақсад – ҳуқуқни турлича қўллашни бартараф этиш, намунавий иш юритиш тизимига эришиш ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда 200 дан ортиқ давлат хизматлари марказларида аҳолига 350 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Халқимизнинг розилигига эришиш мақсадида давлат хизматларини ортиқча югур-югурларсиз қулай ва тез олиш тизими шакллантирилди ва ривожлантириб борилмоқда.

Фармон билан марказлар орқали яна 13 та янги хизматлар жорий этилмоқда. Йил якунига қадар давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий қилинади ва фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилмайди. Аҳоли гавжум жойлар, маҳаллалар 24/7 режимида онлайн давлат хизматларини кўрсатадиган интерактив киосклар билан босқичма-босқич таъминланади, йил якунига қадар ДХМлар ва Ягона портал орқали кўрсатиладиган 13 та янги давлат хизматлари жорий этилади, 18 та хизмат проактив ва композит шаклларига ўтказилади, 15 та давлат хизмати якка тартибдаги тадбиркор томонидан агент сифатида кўрсатилиши йўлга қўйилади.

Яна бир муҳим янгилик, 2025 йил 1 январдан Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсга доир маълумотлари ягона электрон базаси – Аҳолининг ягона электрон реестри жорий этилади;

Шунингдек, Адлия вазирлигининг бир қатор муассасаларини бирлаштирган ҳолда яхлит иккита институт ташкил қилинмоқда, булар Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти.

Ҳужжатга мувофиқ, Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида Апелляция кенгашлари ташкил қилинмоқда.

Мазкур апелляция кенгашлари маъмурий органларнинг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги маъмурий ҳужжатларини судгача кўриб чиқиш натижасида ушбу ҳужжатларни ўзгартириш, қисман ёки тўлиқ бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.

Мазкур тартибнинг жорий этилиши биринчи галда аҳолининг манфаатларига хизмат қилиб, уларнинг судма-суд ортиқча овора бўлиб юришининг олдини олади, давлат хизматлари кўрсатилишида йўл қўйилган хатоларни судгача бўлган тартибда тузатиш имконини беради.

Шунингдек, Фармон билан интеллектуал мулк соҳасида вазирликка бир қатор ҳуқуқлар берилди.

Умуман олганда, мазкур Фармон билан адлия органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиши асносида, аҳолига янада қулайлик ва енгилликлар яратишга қаратилган янги механизмлар жорий этилди.