Португалияда ўтказилаётган ёшлар ўртасидаги “European Cup 2024” турнирининг биринчи кунги баҳслари ортда қолди.
Дунёнинг 23 давлатидан 539 нафар дзюдочи иштирок этаётган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда.
Биринчи куннинг ўзида дзюдочиларимиз 4 та олтин ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Финалга етиб келган йигитларнинг барчаси европалик рақибларини мағлуб этди. Терма жамоамиз аъзоларидан Артурбек Ибодуллаев, Дилшод Каримов, Муҳаммаджон Машарипов, Иноят Телманов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Уларнинг ғалабаси шарафига Португалия заминида тўрт марта Ўзбекистон мадҳияси янгради. Истеъдодли спортчиларимиз Динора Ҳасанова ва Зуҳра Алимова бронза медалларига мушарраф бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА