Ўзбекистон Марказий банки 2023 йил учун молиявий барқарорлик шарҳини тайёрлади. Шарҳда молиявий заифликлар харитаси, глобал ва Ўзбекистон иқтисодиётидаги молиявий шароитлар, молиявий сектордаги вазият, номолиявий сектордаги ҳолат, активлар бозоридаги ҳолат, банк тизими бўйича макро стресс-тест натижалари, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфлар, макропруденциал сиёсат асосларини такомиллаштириш имкониятлари, молиявий барқарорлик учун ички ва ташқи хатарлар каби масалалар қамраб олинган.

Ҳужжатда келтирилишича, Ўзбекистонда 2023 йилда нисбатан қатъий молиявий шароитлар сақланиб қолган. Ташқи сектордаги хатарлар бўйича кутилмаларнинг ёмонлашиши, шунингдек халқаро молия бозоридаги юқори ўзгарувчанлик таъсирида молиявий шароитларнинг қатъийлашиши кузатилган. Шунга қарамасдан, сўнгги йилларда банк тизимида шаклланган нисбатан юқори стресс даражаси 2023 йил якунида сезиларли пасайгани қайд этилган.

Тадқиқотларга кўра, ўтган йили муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши деярли ўзгаришсиз 3,5 фоиз атрофида сақланиб турди. Бунда, Ўзбекистон бўйича муаммоли кредитлар улуши Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича 25 процентил чегарасидан бироз юқори даражани қайд этиб, ушбу минтақанинг деярли медиана кўрсаткичлари доирасида шаклланишда давом этмоқда.

Аҳолининг ялпи кредитлар бўйича қарз юкида ўсиш кузатилмоқда. 2023 йил якунида аҳолининг ялпи кредитлар бўйича қарз юки ҳолатида яхшиланиш кузатилишига қарамай, ушбу кўрсаткич йиллик ҳисобда ортган. Аҳолининг ипотека кредитлари бўйича қарз мажбуриятларини бажариш имконияти билан боғлиқ хавотирлар сақланиб қолмоқда. Шунингдек, сўровнома натижаларига кўра, банкдан қарздор респондентларнинг умумий қарз юки даражаси 87 фоиз доирасида шаклланган.

Кўчмас мулк бозорида уй-жой нархларининг юқори баҳоланиш тенденцияси давом этмоқда. Сўнгги йиллар давомида юқори суръатларда ўсиб бораётган уй-жойларнинг бозор қиймати ушбу активларга бўлган талабни янада оширмоқда. Юқори талаб шароитида таклиф ҳажмининг сезиларли ортда қолиши уй-жой нархларининг фундаментал омилларга, хусусан аҳоли даромадига боғлиқ бўлмаган ҳолда ўсиш тенденциясини юзага келтирмоқда.

Бундан ташқари, уй-жойларни ижара бериш хизмати рентабеллигининг пасайишига қарамай, спекуляция омили таъсирида кўчмас мулк бозорида юқори фаоллик ва талаб ҳажми ортган. 2023 йил давомида кўчмас мулк бозорида уй-жойларнинг ўртача бозор нархи фундаментал нархидан 24 фоизга юқори баҳоланиши кузатилди.

Макропруденциал чораларнинг қатъийлаштирилиши натижасида 2023 йилнинг иккинчи ярмида автокредитларнинг йиллик ўсиш суръатида секинлашиш кузатилди. Макропруденциал чоралар автомобиль нархларининг кескин пасайиши шароитида автокредитлар бўйича йўқотишларни тижорат банкларида захира билан таъминлаш ҳамда автомобиль бозорида юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг банк тизими молиявий барқарорлигига таъсир кўламини камайтириш имконини беради.

2023 йилда корпоратив сектордаги молиявий ҳолат бироз ёмонлашди. Танлаб олинган йирик корхоналарнинг леверажи ўсувчи динамикани намоён этди. Корхоналар учун хорижий валютадаги банк қарзларига хизмат кўрсатиш харажатларининг ўсиши, фоизли харажатларни қоплаш коэффициенти ҳамда рентабеллик кўрсаткичларида пасайиш кузатилди. Ушбу кўрсаткичлардаги ўзгаришларнинг сақланиб қолиши корпоратив секторда шоклар юзага келган тақдирда молия тизимида ҳам сезиларли йўқотишларга олиб келиши мумкин.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА