Москва вилояти Истра шаҳри Падиково қишлоғидаги ётоқхонада юз берган ёнғинда Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди.

Мамлакатимизнинг Москвадаги элчихонаси Консуллик бўлими дастлабки маълумотига кўра, ёниб кетган уйда 20 га яқин хориж фуқароси, жумладан 11 нафар ватандошимиз яшаган.

Айни пайт олов исканжасида қолган 8 кишининг шахси аниқланмоқда. Ҳаётдан кўз юмганлар орасида бизнинг фуқаролар ҳам бор. Ҳозир қурбонлар жасади Истра шаҳри суд-тиббий экспертиза идорасида.

Мазкур факт асосида РФ Жиноят кодексининг 109-моддаси (Эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабабчи бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Вазиятни элчихонамиз консуллик бўлими ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси назоратга олган.