Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо ва кузатувчи давлатлар судьялар кенгаши раислари ва вакилларининг иккинчи йиғилиши ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров иштирок этмоқда.

Тадбирда ТДТга аъзо мамлакатларнинг Судьялар кенгаши, унинг вазифа ва ваколатлари бўйича тақдимотлар қилинмоқда. Жумладан, нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимоти бўлиб ўтди.

Бош қомусимизга кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.

Судьялар олий кенгашига конституциявий мақом берилгани унга юклатилган вазифаларни мустақил ва самарали амалга оширишнинг муҳим конституциявий кафолати ҳисобланади.

Қайд этиш жоизки, халқаро стандартларда бундай вазифани амалга оширувчи орган мақоми конституциявий тартибга солиниши юксак эътироф этилади.

Мамлакатлар тақдимотидан сўнг ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди. Тадбир якуни бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ТДТ 2009 йил 3 октябрда “Нахчиван шартномаси” асосида ташкил этилган бўлиб, Бош котибияти Истанбулда жойлашган.

Ташкилот дастлаб “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши” деб аталиб,  унга Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо бўлган. Ўзбекистон 2019 йилдан мазкур ташкилотнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Венгрия ва Туркманистон эса кузатувчи мақомига эга.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА