«Миллий рақс ижрочилари» кўрик-танловининг ғолиблари аниқланди

Пойтахтимизда Мукаррама Турғунбоева номидаги «Миллий рақс ижрочилари» кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди.
Кўрик-танлов Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева ҳамда ўзбек рақс санъати дарғалари томонидан саҳналаштирилган миллий рақсларни ёшларга етказиш, миллий рақс санъатини янада ривожлантириш, уни юксак даражага кўтариш ва дунё саҳналарига олиб чиқиш, истеъдодли ижрочилар ва балетмейстерларни кашф этиш, уларни рағбатлантириш ва ижодини кенг тарғиб қилиш, «Устоз-шогирд» анъанасини тиклаш ва ривожлантириш асосида замонавий рақс мактабларини яратиш мақсадида ташкил этилди.

Кўрик-танлов миллий рақс ижрочилиги бўйича 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган профессионал ижрочилар ўртасида икки йўналишда ўтказилди.

Биринчи йўналишда Ўзбекистон давлат филармонияси ҳудудий бўлинмалари таркибидаги бадиий жамоалар, ҳудудлардаги таълим муассасалари талабалари ҳамда профессионал эркин ижодкорлар қатнашди.
Иккинчи йўналишда эса Ўзбекистон давлат филармониясида фаолият юритаётган ашула ва рақс ансамбллари, «Баҳор» давлат рақс ансамбли, филармониянинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси, Ўзбекистон давлат хореография академияси, академиянинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Республика хореография ихтисослаштирилган мактаб-интернати, таълим муассасалари ҳамда профессионал эркин ижодкорлар иштирок этди.
Ҳар бир йўналиш алоҳида баҳоланиб, йўналишлар бўйича 1-, 2-, 3-ўрин ғолиблари аниқланди.
Кўрик-танловнинг биринчи йўналиши бўйича 1-ўринни Шуға Aманжолова (Навоий вилояти), 2-ўринни Иродахон Саидхўжаева (Тошкент вилояти), 3-ўринни Меҳринисо Aвазметова (Хоразм вилояти) эгаллади.
Кўрик танловнинг иккинчи йўналиш ғолиблари эса 1-ўрин Севинч Шукурова («Навбаҳор» рақс ансамбли балет артисти), 2-ўрин Хушнозаой Эргашева («Баҳор» давлат рақс ансамбли балет артисти), 2-ўрин Карина Ҳайитматова (Ўзбекистон давлат хореография академияси 4-босқич талабаси), 3-ўрин Ситорабону Иркинова («Шодлик» ашула ва рақс ансамбли балет артисти).
Мазкур кўрик-танловни Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон ҳамда Халқаро туркий ташкилоти — ТУРКСОЙ вакилларидан иборат халқаро миқёсдаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг фахрий ёрлиқлари, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Усмонова,
ЎзА