Лондон форуми таълим сифатини янада юксалтиришга хизмат қилади

199

Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари Лондонда бўлиб ўтган “Жаҳон таълим форуми – 2024” тадбирида иштирок этиб, таълимнинг долзарб масалаларига бағишланган муҳокамаларда фаол қатнашди.

Шу билан бирга, делегациямиз томонидан турли давлатларнинг таълим компаниялари ва ташкилотлари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказилди. Жумладан, Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов “Cambridge University Press and Assessment” ташкилотининг Европа, Марказий Осиё ва Покистон таълим бўйича ҳамкорлик раҳбари Стив Кинг билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълимни ривожлантириш маркази ва Cambridge вакиллари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур меморандум Ўзбекистон талабаларига келажак кўникмаларини эгаллашга ёрдам берадиган илғор таълим амалиёти ва технологик янгиликларни бирлаштиришга қаратилган.

Шунингдек, “Cambridge University Press and Assessment” томонидан грант маблағи ажратилиши бўйича дастлабки келишувга эришилди. Ушбу грант таълим раҳбарлари учун технология орқали таълим сифатини яхшилашга имконият яратувчи дастурдир.

Мазкур дастур иштирокчиларга таълим натижаларини яхшилаш учун таълим технологияларидан  самарали фойдаланиш бўйича кўникма ва билимларни беради.

Бундан ташқари, форум давомида Wolverhampton университети вице-президенти Эбрахим Аида билан ҳамкорлик юзасидан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Wolverhampton университети билан IT таълими соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама этилди. Жумладан, Тошкент ахборот технологиялари университети базасида Wolverhampton университетининг факультетини очиш масаласи юзасидан фикр алмашилди ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

Н.Раҳмонова, ЎзА