БАА пойтахти Абу-Даби шаҳри мезбонлик қилаётган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг яккалик баҳслари ўз якунига етди. Дунё биринчилигининг сўнгги кунида оғир вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Унда вазни 100 килограммдан ортиқ бўлган дзюдочимиз Алишер Юсупов бронза медалини қўлга киритди ва терма жамоамиз учун яккалик баҳслари якунланди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бу йилги чемпионатда терма жамоамиз таркибида фақатгина Диёра Келдиёрова кумуш, Алишер Юсупов эса бронза медалини қўлга киритди. Жами 107 давлат полвонлари қатнашган мазкур жаҳон чемпионатида Япония терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 3 та олтин, 2 та кумуш, 4 та бронза медаль жамғариб, биринчи бўлди.

Грузия эса 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медали билан иккинчи ўринни банд этган бўлса, Жанубий Корея 2 та олтин, 3 та бронза эвазига кучли учликка якун ясаб берди.

Ўзбекистон терма жамоаси 1 тадан кумуш ва бронза медали билан 11-ўринни эгаллади. Бугун, 24 май куни жаҳон чемпионатида жамоавий баҳслар бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 13 та кучли терма жамоаси 4 та гуруҳда беллашади. Ўзбекистон терма жамоаси илк босқичда Бразилияга қарши баҳс олиб боради. Ушбу жуфтлик ғолиби кейинги даврада Корея Республикаси — Австрия учрашувида зафар қучган терма жамоага қарши татамига чиқади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА