Деҳли шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ҳиндистон Пресс-клуби (Press Club of India) ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мезбон давлат марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари, юртимиздан борган журналистлар ҳамда республикамизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси масъуллари иштирок этди.

Томонлар икки давлат ўртасидаги шериклик сўнгги йилларда изчил ривожланаётганини эътироф этишди. Ўзаро тезкор, ҳаққоний ахборот алмашиш, журналистлар ўртасидаги алоқани ривожлантириш, ОАВ вакиллари тажриба ва маҳорат алмашинувини самарали йўлга қўйиш каби долзарб масалалар юзасидан фикр билдирилди.

Жумладан, Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчимиз Сардор Рустамбоев, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳалар, хусусан медиа майдонида амалга оширилаётган ислоҳотлар, матбуот ва сўз эркинлигини, очиқликни таъминлаш, ОАВ вакиллари учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида сўз юритди.

ЎзА