Тошкент шаҳридаги Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ)да 24 май куни “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусида экспертлар конференцияси ўтказилади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳамда минтақамиз давлатлари раҳбарлари ва Европа Кенгаши Президенти томонидан 2023 йил 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи саммитда эришилган келишувга мувофиқ ташкил этилди.

МОХИ ва ЕИнинг республикамиздаги делегацияси мазкур конференция ташкилотчилари ҳисобланади.

Анжуманда ЕИ номидан Марказий Осиё бўйича махсус вакил Терхи Хакала, терроризмга қарши кураш бўйича координатор Бартян Вегтер, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан ҳамда тузилма томонидан молиялаштириладиган дастурлар мувофиқлаштирувчилари, лойиҳа менежерлари ҳамда хавфсизлик соҳасида ЕИ – МО форматида фаолият олиб борувчи мутахассислар иштирок этади.

Форумда Ўзбекистон ва минтақамизнинг бошқа давлатлари таҳлилий муассасалар экспертлари, манфаатдор вазирлик, идоралар вакиллари ҳам қатнашади.

Конференцияда LEICA (Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти), BOMCA (Марказий Осиёда чегараларни бошқариш дастури) ва CADAP (Марказий Осиёда наркотикларга қарши курашиш дастури) каби хавфсизлик бўйича ҳамкорлик дастурлари доирасида ЕИ ва МО жорий ҳамкорлиги жараёни таҳлил қилинади.

Шунингдек, терроризм, экстремизм ва радикализм, кибер жиноятчилик, трансчегаравий уюшган жиноятчилик ва одам савдоси каби таҳдидларга қарши курашиш соҳаларида шерикликни йўлга қўйиш имконияти ўрганилади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА