Мамлакатимизда фаолият юритаётган жами 33 минг 942 та боғчанинг 27 минг 162 таси нодавлат таълим ташкилоти ҳисобланади. Жумладан, 24 мингдан ортиқ оилавий шаклдаги, 1400 га яқин давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган боғчаларда мактабгача ёшдаги болалар таълим-тарбия олмоқда.

Бироқ аҳоли мурожаатлари, жойларда депутатлар томонидан олиб борилаётган парламент назорати тадбирлари, сайлов округларидаги учрашувлар жараёнларида мазкур таълим ташкилотларига методик ёрдам бериш, соҳага замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш, малакали педагог кадрларни жалб қилиш борасида бир қатор муаммолар борлиги кузатилмоқда.

Масалан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган нодавлат таълим ташкилотларининг аксариятида Меҳнат кодексининг 122-моддасида белгиланган талаб, яъни иш берувчи ва педагог кадрлар ўртасида меҳнат шартномасини имзоламаётган ҳолатлар учрамоқда.

Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотларида 42 минг 313 нафар раҳбар ва педагоглар фаолият юритаётган бўлиб, шундан 8 минг 327 нафарини олий, 3 минг 304 нафарини тугалланмаган олий, 30 минг 682 нафарини эса ўрта махсус маълумотли педагоглар ташкил этмоқда. Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган нодавлат ҳамда оилавий боғчаларда эса 2 минг 984 нафар номутахассис кадрлар фаолият юритмоқда.

Ушбу муаммолар мактабгача таълим ташкилотларида таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, давлат-хусусий шериклик асосидаги таълим ташкилотлари, оилавий боғчалар учун малакали педагог кадрлар етишмаслигига ҳам олиб келмоқда.

Шулардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилотларида меҳнатга тўланадиган ҳаққа тенг шартларда ва ҳажмларда ҳақ тўлаш, ушбу ташкилотларда фаолият юритаётган номутахассис педагог кадрларни олий таълим муассасаларига жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича асослантирилган тушунтиришлар бериш мақсадида Мактабгача таълим агентлиги директори  А.Шинга парламент сўрови юборилди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА