Адлия вазирлиги: субсидия учун бир ҳафтада 162 минг 117 ариза қабул қилинди

233

Жорий йил 30 апрелда давлатимиз раҳбарининг “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, жорий йил 15 майдан ипотека кредитига субсидия олиш учун аризаларни қабул қилиш бошланди.

Адлия вазирлиги тизимидаги давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризаларни қабул қилиш давом этмоқда.

Адлия вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, ўтган бир ҳафта давомида фуқаролардан субсидия олиш учун 162 минг 117 ариза қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ариза бериш икки хил усулда амалга оширилади:  Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн, давлат хизматлари марказларига бориб ариза берилади.

Таҳлиллар аҳолидан онлайн аризалар кўпроқ тушаётганини кўрсатди, яъни қарийб 70 фоиз мурожаат интернет орқали йўлланган.

Энг кўп аризалар салмоғи Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган.

Тушаётган аризалар туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари раислигидаги комиссиялар томонидан кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижаси бўйича субсидия ажратиш ёки рад этиш тўғрисида  фуқароларнинг телефон рақамларига смс-хабар юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аризаларни қабул қилиш 2024 йил 1 ноябргача давом этади.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА