Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Россия Федерациясида бўлиб турибди.

Ушбу ташриф доирасида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов ҳам Россиянинг бир қатор йирик компания ҳамда ташкилот раҳбарлари билан музокаралар олиб бормоқда ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини яқиндан ўрганмоқда.

Бугун делегация вакиллари Бошқирдистонда жойлашган “ERSO Energy Solutions” холдинги таркибидаги “Уфа трансформатор” заводида бўлиб, бу ердаги  ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулот турлари билан яқиндан танишди.

Шу билан бирга,   томонлар ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, юртимизда ҳам ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Ўз навтабида, “ERSO Energy Solutions” холдинги вакиллари Ўзбекистондаги қулай инвестициявий муҳит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини таъкидлашди.

“Ўзлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизматига кўра, “ERSO Energy Solutions” холдинги энергетика соҳасида комплекс жиҳозлаш ва янги қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш, энергетика объектларини реконструкция ва модернизация қилиш билан шуғулланади. Холдинг таркибига хизмат кўрсатиш, синов марказлари ва илғор лабораториялар, “Электрозавод” АЖ ва “Уфа трансформатор” заводи киради. Холдинг заводлари кучли гидроэлектр  станциялар, иссиқлик ва атом электр станцияларини жиҳозлашда иштирок этган.

ERSO ишлаб чиқарган трансформаторларнинг номинал қуввати бўйича Россияда етакчи ўринни эгаллайди.  Маҳсулот линияси 0,5 дан 1150 кВ гача кучланишли, қуввати 630 МВт гача бўлган 1,5 минг турдаги трансформатор ускуналарини ўз ичига олади.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича биргаликда ўрганиш ишларини олиб боришга келишиб олди.

 

Н. Зиёдуллаева, ЎзА