Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан молиялаштирилган аквакультура лойиҳаси Оролбўйида инновацион ютуқларга эришди.

Яқинда сунъий сув ҳавзаларида артемиянинг янги турини етиштириш ва кўпайтириш бўйича биринчи ташаббус муваффақиятли бошланди. Оролбўйи халқаро инновациялар маркази томонидан ишлаб чиқилган ушбу лойиҳа сув хўжалиги ва ҳудудни барқарор ривожлантириш соҳасида муҳим инновацион ўзгаришларни амалга оширмоқда.

Aртемия –шўрланган сув ҳавзаларида яшовчи қисқичбақасимонларнинг ноёб вакили: 195 фоизгача сув шўрлигига ва 1 мг/л гача кислород концентрациясига бардош бера олади. Кўлларда (шўрлиги 70 фоиз ва ундан юқори) йиртқичлар ва озиқ-овқат рақобатчилари бўлмаганида, артемия амалда монокультурага айланади. Дунёда артемиянинг 10 га яқин тури мавжуд.

Германия, Белгия, Вьетнам ва Эрондан келган халқаро юқори малакали мутахассислар ва маслаҳатчилар билан ҳамкорлик ушбу инновацион лойиҳани амалга оширишни самарали бошлаш имконини берди. Сўнгги йилларда артемия кисталарини интенсив йиғиш ва Орол денгизининг қолган қисмида шўрланиш даражасининг ошиши ушбу биологик ресурслар биомассасининг камайишига ва келажакда минтақада минглаб иш ўринларининг йўқолишига олиб келиши мумкин.

Aртемияни сунъий сув ҳавзаларида етиштириш республикада илк бор йўлга қўйилди. Бу эса ўз навбатида ҳудудда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва биохилма-хилликни сақлашга хизмат қилмоқда.

Жумладан, минтақанинг хомашё базасини мустаҳкамловчи артемиянинг барқарор ҳажмларини ишлаб чиқариш имконини берувчи сунъий ҳовузлар яратилди. Барқарор артемия ишлаб чиқариш янги экспорт имкониятларини очиб, мамлакат иқтисодий ривожланишини кучайтиради. Aртемия кисталарини ишлаб чиқаришдан сотувга чиқаришгача бўлган самарали занжирни яратиш биомассани ошириш ва аквакультура сифатини яхшилашга ёрдам беради.

Ушбу лойиҳанинг йўлга қўйилгани Оролбўйи минтақасини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. У нафақат иқтисодий фойда келтириши, балки минтақанинг экологик фаровонлиги ва барқарор ривожланишига катта ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири