Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий кино санъати ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Хусусан, Кино саройи Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази бошқарувига берилиб, унинг негизида Киночилар саройи ташкил қилинган эди. Қурилганига олтмиш йил бўлган ушбу маскан биноси уч йил аввал мукаммал таъмирланди. Фильмларни намойиш қилиш, томошабинларга қулайлик яратиш учун замонавий шароитлар яратилди.

Катта-кичик заллар, ёзги кинотеатр ва хоналар тўлиқ жиҳозланди. Сўнгги русумдаги кинопроектор, зарур техника ва ускуналар келтирилди. Бугун бу ерда жами 3 минг нафар томошабинни қабул қилиш имкони мавжуд.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 16 май куни Киночилар саройига ташриф буюрди.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, 2021 йил 19 июнда давлат раҳбарининг “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Ҳужжат билан ярим асрга тенг тарих ва анъаналарга эга бўлган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди. Санъатнинг бу тури орқали мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўлами кенгайди.

Ҳужжат Миллий кино санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Киночилар саройида жойлашган Ўзбекистон кино санъати музейида мазкур кинофестивалга бағишланган бўлим томошабинларнинг эътиборини тортади.

Икром АВВАЛБОЕВ,

Отабек МИРСОАТОВ(сурат),

ЎзА