Харьков мэри Игорь Терехов баёнот беришича, айни пайт шаҳар аҳолисини кўчириш ҳақида гап йўқ. Аксинча, кўпчилик фаол жанговар ҳаракат кечаётган жойлардан шаҳарга кириб келмоқда.
Аввалроқ вилоят ҳукумати минтақанинг қатор аҳоли манзилларидан одамлар кўчирилишини эълон қилганди. Ҳудуд ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов чоршанба куни бир неча тумандан қарийб 8 минг киши кўчирилгани ҳақида баёнот берди. Бу хабарни “РИА Новости” тарқатган.
***
Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил базалари ва казармаларига қарата 100 дан зиёд ракета учирди, деди Ливан ҳарбий-дала манбалари “РИА Новости”га.
– Мерон базасига ракетадан кучли ҳужум уюштирилди, – дейди манба. – Маълумотга кўра, камида 100 дан зиёд ракета учирилган. Шунингдек, Исроил казармалари оғир ракетадан ўққа тутилди.
***
Швейцария ҳукумати қурол экспортига қўйилган тақиқни бекор қилиш учун маслаҳатлашувни бошлади, дейилган мамлакат Федерал кенгаши ахборотида.
– Федерал кенгаш ҳамон Швейцариянинг халқаро мажбуриятига, жумладан бетарафлик тўғрисидаги қонунга амал қилиш учун масъул, – дейилган хабарда.
***
Индонезияда сув тошқини ва совуқ лава оқими натижасида 67 киши ҳалок бўлган, 20 нафар инсон ном-нишонсиз, дея хабар тарқатди мамлакатнинг “Kompas TV” телеканали Фавқулодда вазиятлар бўйича миллий агентлик маълумотига таяниб.
Аввалги маълумотда қурбонлар 58 киши экани айтилганди.
***
НАТОнинг собиқ Бош котиби Андерс Фог Расмуссен “inews” нашрига интервью бериб, Украинага ёрдам бериш учун ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини Альянс мамлакатлари – Польша ва Руминия ҳудудидан ҳаракатга келтиришни таклиф қилди.
Унинг фикрича, НАТО мамлакатлари Украинанинг ғарбий қисмини ва мамлакат мудофаа саноатини янада самарали ҳимоя қила олади.
***
НАТО мамлакатлари мудофаа вазирлари 13-14 июнь кунлари Брюсселда кенгаш ўтказади, деб хабар тарқатди Альянс матбуот хизмати.
Учрашувга ташкилот Бош котиби Йенс Столтенберг раислик қилиши айтилган. Хабарда 13 июнь куни НАТО – Украина кенгашининг вазирлар даражасидаги мажлиси бўлиб ўтиши маълум қилинган.
***
Агар Грузияда иноагентлар тўғрисидаги қонунни қабул қилса, мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш учун берган аризаси музлатилиши мумкин, деб ёзди “Financial Times” газетаси Европа расмийларига таяниб.
***
Қўшма Штатлар ва Украина хавфсизлик бўйича икки томонлама шартномани бир неча ҳафта ичида имзолайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба билан Киевда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
***
Ҳарбийлар тўнтариш амалга ошириб, қамоқда сақлаётган Габоннинг собиқ Президенти Али бин Бонго Ондимба очлик эълон қилди, деб хабар тарқатди “RFI” радиоси давлатнинг собиқ раҳбари адвокатларига таяниб.
Ҳимоячилар собиқ Президент ва икки ўғил эълон қилган очлик уларнинг ташқи дунёдан узиб қўйилгани, қийнаш ҳолатига қарши норозилиги белгиси эканини таъкидламоқда.
2023 йил августда амалга оширилган тўнтаришдан сўнг Али бин Бонго Ондимба уй қамоғига олинган. Ўтган йил сентябрь ойида ҳарбий ҳукумат эркин ҳаракат қилиш ва тиббий кўрикдан ўтиш истаги бўлса, собиқ етакчи мамлакатдан чиқиб кетиши мумкинлигини эълон қилганди.
***
РФ Президенти Владимир Путиннинг Хитойга ташрифини инобатга олиб, Япония ҳукумати Москва ва Пекин ҳаракатини диққат билан кузатиб турибди, дея баёнот берди Япония Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Ёсимаса Хаяси.
– Бизга Путиннинг Хитойга ташриф режалаштираётгани маълум, – деди у. – Мазкур ташриф мазмунига тааллуқли бирор изоҳ беришни маъқул кўрмаймиз. Икки мамлакат сўнгги йилларда яқин муносабатни кучайтирмоқда. Ушбу тенденцияни эътиборга олган ҳолда, Япония Хитой – Россия муносабатининг келгуси ривожини кузатишда давом этади.
С.Раҳимов, ЎзА