Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Ички ишлар вазирлиги томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, дунёқарашини юксалтириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг май-июнь ойларида “Хавфсиз ҳаёт учун бирлашайлик!” шиори остида ватанпарварлик ва спорт тадбирлари ўтказилиши белгиланган.

Жорий йилнинг 19 май куни «Янги Ўзбекистон» боғида, бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида марафон ва “Ватанпарварлик марши” бўлиб ўтади.

“Янги Ўзбекистон» боғида ўтказиладиган “Хавфсиз ҳаёт учун бирлашайлик!” марафонида икки минг нафар ёшлар иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.

Иштирокчи ва меҳмонлар учун кўнгилочар дастур қамровида уюштириладиган марафонда бош соврин – 10 миллион сум этиб белгиланган. Мусобақада иккинчи ўрин соҳиби 7 миллион, учинчи ўринни қўлга киритган марафончи 5 миллион сум билан тақдирланади.

Яна бир эътиборли жиҳати, “Хавфсиз ҳаёт учун бирлашайлик!” шиори остида ўтказиладиган тадбирлар доирасида “Ёшлар жинояти ва ҳуқуқбузарлигидан ҳоли маҳалла”, “Ёшларга энг кўп ёрдам кўрсатган тадбиркор”, “Хавфсиз ва равон йўл”, волейбол бўйича “Ички ишлар вазири кубоги”, “Заковат” интеллектуал ўйинлари номинациясида ғолиб бўлганларни тақдирлаш, “Дилларда Ватан мадҳи” қўшиқ ва шеър, “Ёш ҳуқуқшунос” каби кўрик-танловлар ташкил этилади.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширилиши назарда тутилган мазкур оммавий спорт тадбирининг республика финал босқичи жорий йилнинг 23 июнь куни ўтказилади.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбири