Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Бокуга ташриф буюрган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) раиси Иан Боргни қабул қилди. Учрашувда Арманистон – Озарбайжон муносабатини яхшилаш масаласи муҳокама қилинди. Давлат раҳбари ҳозир икки мамлакат ўртасида зиддият йўқлиги, ЕХҲТ Минск гуруҳини ҳамда шу билан боғлиқ барча институтларни тарқатиб юбориш вақти келганини таъкидлади.

***

Қозоғистонда фавқулодда вазият юзага келган ҳудудларда тезкор қутқарув хизматини амалга ошириш учун тошқиндан эрта огоҳлантирувчи “Skymax” тизими ҳамда сув тошган жойларнинг рақамли харита-чизмаси яратилади. Бундан ташқари, сувли объект ҳақида маълумот берувчи hydro.gov.kz платформаси йўлга қўйилади, дейилган ҳукумат матбуот хизмати тарқатган хабарда.

***

Ҳиндистон Эроннинг Чобаҳор портини халқаро “Шимол – Жануб” транспорт йўлаги доирасида транзит тармоғига айлантириш ниятида. 2016 йил Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Эронга келганда бу ҳақда дастлабки битим ҳам имзоланган.

Ушбу хабар тарқалгандан кейин, Давлат департаменти вакили Ведант  Пател журналистлар учун ўтказилган брифингда АҚШ маъмурияти Ҳиндистонга санкция қўллаши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Шимол – Жануб” транспорт йўлаги РФ, Эрон, Озарбайжон ва Ҳиндистоннинг Евросиё билан савдо айланмасини тезлаштиришга мўлжалланган қўшма лойиҳасидир.

***

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Қирғизистонга қишлоқ хўжалиги ва махсус техника, қайта ишловчи корхоналар учун машина ва техник жиҳозларни лизинг йўли билан харид қилиш учун 45 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда. Қирғиз Республикаси сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлигидан маълум қилинишича, айни мақсадда ИТБ дастури миссияси ҳамда вазирлик раҳбарияти ва давлат банклари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

***

Олмаотада Марказий Осиё 13-савдо форуми иш бошлади. “Kazinform” ёзишичаю, бу йилги тадбир “Савдо интеграцияси: глобал даражага чиқиш” шиори остида ўтмоқда.

Осиё, Европа, Яқин Шарқ, Буюк Британия ва АҚШдан 300 га яқин бизнес вакили минтақамизнинг савдо имконияти билан танишиш учун тўпланган форум мажлисларида рақамлаштириш, транспорт, логистика, мувофиқлаштирувчи чоралар, савдони тартибга солиш, Жаҳон савдо ташкилоти стандарти ҳамда Марказий Осиёда савдони ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омиллар муҳокама қилинади.

***

Германия канцлери Олаф Шольц 2025 йилги сайловдан кейин ҳам лавозимида қолиш истаги борлигини маълум қилди

***

Буюк Британия ҳарбий ҳаво кучлари лазер қуролига ва ўзи учар қурилмаларни учириш имконига эга олтита янги ҳарбий кема қуради, дея баёнот берди мамлакат мудофаа вазири Грант Шаппс.

“Telegraph” нашри вазир маълумотига таяниб ёзишича, кемалар қиролликка рақиб кучини тийиб туриш учун зарур.

***

Агар АҚШга етарли даражада мигрант келмаса, 2040 йилга келиб, мамлакат аҳолиси қисқара бошлайди, ўлим сони туғилиш миқдорини қувиб ўтади, дейилган Конгресснинг Бюджет бошқармаси эълон  қилган ҳисоботда.

***

Кенияда март ойидан буён давом этаётган кучли ёмғир туфайли 277 киши ҳалок бўлган, деб хабар тарқатди“France Press” агентлиги маҳаллий ҳокимиятга таяниб.

Таъкидланишича, 290 минг киши уйини ташлаб чиққан. Қурбонлар сони ҳали кўпайиши мумкин, чунки 75 кишининг тақдири номаълум.

***

Украина АҚШдан ҳар ҳафта янги қурол олади, деди Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан. Унинг изоҳ беришича, Конгресс Киевга ҳарбий ёрдамни бир неча ой тўхтатиб қўйгач, Украина чоҳга  тушиб қолган. Энди Вашингтон мамлакатни тезроқ чуқурдан олиб чиқишга уринмоқда.

С.Раҳимов, ЎзА