Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида умумтаълим ҳамда касб-ҳунар мактабларининг битирувчилари ўртасида информатика ва ахборот технологиялари фанидан олимпиаданинг финал босқичи бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.

Унда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб информатика ва ахборот технологиялари йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча олий таълим муассасалари томонидан умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида “Информатика ва ахборот технологиялари” фани бўйича олимпиада ўтказиш ва 1 – 3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларни биринчи ўқув йили учун тўлов олий таълим муассасаларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ҳолда имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш белгиланган.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган олимпиадада Нукус шаҳар ва туман босқичлари ғолиблари финал босқичида ўз билимларини синовдан ўтказди.

Танлов якунида Чимбой туманидаги 44-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси А.Дуйсенбаев биринчи, Тахиатош туманидаги 6-сонли умумтаълим мактабининг ўқувчиси Б.Жолдасбаев иккинчи, ушбу мактабнинг ўқувчиси С.Рузимова учинчи ўринни қўлга киритиб, муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Ғолибларни Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректори Б.Жоллибеков қутлаб, қимматбаҳо  совғалар топширди.

Довуд Абибуллаев,  Мақсад  Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.