7 май – Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 8-бандига асос Рақамли технологиялар вазирлиги ва кенг жамоатчиликнинг 7 май санасини Ўзбекистон Республикаси ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ходимлари куни деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ахборот-коммуникация технологиялари хизматларига бўлган талаби ортиб бормоқда, – дейди “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Қорақалпоғистон Республикаси филиали директори, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими Қайрат Таженов. – Давлатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган алоҳида эътибори ҳамда ғамхўрлиги натижасида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланиб бормоқда. Бугунги кунда барча соҳалар босқичма-босқич рақамлаштирилиб, жадал суръатларда ривожланмоқда.

Филиал томонидан амалга оширилган ишларга тўхталадиган бўлсак, Қорақалпоғистон Республикаси Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигига қарашли 774 та умумтаълим мактабини юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш топшириғи берилган бўлиб, бугунги кунда 772 та мактабга 1721 километр оптик толали алоқа кабеллари тортилди ва қурилмалар ўрнатилиб, юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди. Узоқ масофада жойлашган 2 та умумтаълим мактабига сунъий йўлдош орқали телекоммуникация хизмати жорий қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларига оптик толали алоқа кабелларини тортиш ишлари амалга оширилиб, бугунги кунда 443 та маҳалла фуқаролар йиғинларига 141 километрдан ортиқ, 283 та милиция таянч пунктига 60 километр узунликдаги оптик толали алоқа кабеллари тортилди.

Ўтган йиллар мобайнида юқорида қайд этилган 2 минг 224 та объектга 2 минг 356 километрдан ортиқ оптик толали алоқа кабели тортилди ва қурилмалар ўрнатилди. Барча объектлар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланди ва белгиланган режалар тўлиқ бажарилди.

Филиал томонидан кенг полосалик телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш мақсадида оптик толали алоқа кабелларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 2023 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасини телекоммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича 5 минг 27 километр оптик толали алоқа линиялари ташкил қилинди. Мавжуд оптик толали алоқа линияларининг узунлиги 16 минг 177 километрни ташкил қилмоқда. 2024 йил якунига қадар оптик толали алоқа линияларни 4 минг 980 километрга кенгайтириш ва 21 минг 157 километрга етказиш режалаштирилган.

Бугунги кунда Оролбўйида 273 минг абонентга мўлжалланган 313 та электрон автомат телефон станцияси орқали 133 мингдан ортиқ хонадонга телефон, интернет ва IPTV хизмати кўрсатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича кенг полосалик тармоқ сиғимлилигини 2023 йилда 284,9 минг портга етказиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда бу кўрсаткич тўлиқ бажарилди. Жорий  йилда эса бу кўрсаткичга қўшимча 88,4 минг порт ўрнатиш, яъни кенг полосалик портларни 373,3 мингтага етказиш режалаштирилган.

“Кенг полосалик интернет тармоқларини ривожлантириш” ва “NGN технологиясидан фойдаланган ҳолда коммутация қурилмаларини кенгайтириш” лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида “HUAWEI” ва “ZTE” компаниялари билан шартномалар имзоланди. Республика бўйича ушбу компанияларнинг 16 миллиард сўмлик замонавий турдаги 53 минг 920 интернет портга мўлжалланган 149 дона MSAN қурилмаси ишга туширилди. Натижада 1999 йили ўрнатилган NEAX-61E русумли телефон станцияларини янги замонавий турдаги MSAN қурилмаларига тўлиқ модернизация қилиш ишлари амалга оширилди. Ушбу қурилмаларни ўрнатиш ва ишга тушириш учун замонавий типдаги 416 миллион сўмлик 80 километр оптик толали алоқа кабелларини тортиш  режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда режа тўлиғи билан бажарилди. Тармоқ NGN технологияси бўйича 53 минг 920 портга кенгайтирилди ҳамда интернет тезлиги 6 мбит/с дан 42 мбит/с га оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида шаҳар ва туманлардаги телекоммуникация хизматлари билан таъминланмаган ҳудудларга телекоммуникация хизматларини кўрсатиш мақсадида GPON технологияси асосида “HUAWEI” ва “ZTE” компанияларининг 15 миллиард сўмлик инвестицияси киритилди. Натижада мана шундай ҳудудларга 67 минг 576 интернет портга мўлжалланган 53 дона OLT станцияси ўрнатилди. Мазкур қурилмаларни ўрнатиш ва ишга тушириш учун замонавий типдаги 1 минг 600 километр оптик толали алоқа кабелини тортиш  ишлари тўлиғи билан бажарилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича туристик имконияти юқори, қадимий тарихга эга жойларга 191 та  Wi-Fi ҳудуди ташкил қилинган. Жорий йил якунига қадар Wi-Fi ҳудуди сонини 353 тага етказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, жамият хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Хавфсиз шаҳар” концепцияси асосида жамоат жойларига ўрнатиб келинаётган видео назорат  камераларига қадар оптик толали алоқа кабеллари тортилиб, телекоммуникация хизматлари билан таъминланиб келмоқда. Бугунги кунда шаҳар ва туманлардаги 84 та видеокузатув камерасига қадар оптик толали алоқа кабели тортилди.

Шунингдек, республика ҳудудидаги мавжуд 1 минг 166 та аҳоли пунктидан бугунги кунда 926 тасига оптик толали алоқа линиялари тортилиб, замонавий телекоммуникация хизматлари жорий этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари