Шимолий Македонияда 8 май куни бўлиб ўтган сайловнинг иккинчи босқичида 64,14 фоиз овоз билан ғалаба қозонган Гордана Сильяновска Давкова мамлакат Президенти лавозимини эгаллади.

Aссамблея янги раҳбарнинг қасамёд қабул қилиш маросимини ўтказди.

Тадбирда суд ва ижро ҳокимияти идоралари юқори мартабали вакиллари, диний арбоблар, хорижий элчилар, жумладан Туркиянинг Скопьедаги элчиси Фотиҳ Улусой иштирок этди.

Сильяновска Давкова Президент сифатида бурчини онгли равишда ва масъулият билан бажаришга ваъда берди:

– Мен конституция ва қонунларни ҳурмат қиламан ҳамда Македония суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қиламан!

У ҳеч қандай камситишсиз, ҳамма учун бирдек бўлишини, мамлакатида ва патриархия ҳануз давом этаётган Болқонда аёлларни илҳомлантириш ниятида эканини таъкидлади.

Маълумот учун: 2018 йил июнь ойида Македония ва Греция ўртасида Преспа келишуви имзоланди. Шундан сўнг мамлакат номи “Шимолий Македония”га ўзгартирилди. Шу тариқа Греция ветоси олиб ташланиб, мамлакат НAТО аъзоси бўлишига йўл очилди.

Парламент йиғилишидан кейин президиумда ўтказилган топшириш маросимида янги етакчи собиқ Президент Стево Пендаровски ўрнини эгаллади.

Гордана Сильяновска Давкова 1953 йил Охрид шаҳрида туғилган. Фаолияти бошида Давлат университети юридик факултетида конституциявий ҳуқуқ ва сиёсий тизимдан дарс берган. 1992-1994 йиллари Парламент Конституциявий комиссияси аъзоси ва Давлат вазири давозимида ишлаган, БМТ сайловлар бўйича эксперти, Европа Кенгаши маҳаллий бошқарув бўйича экспертлар гуруҳи вице-президенти ва Венеция комиссияси аъзоси бўлган.

2020 йилдан бери Шимолий Македония Aссамблеяси аъзоси ҳисобланган ушбу сиёсатчи аёл 2019 йилдаги президентлик сайловига ҳам номзодини қўйган, бироқ иккинчи турда мағлуб бўлган эди.

Г.Сатторова, ЎзА