Туркия ва Греция етакчилари Режеп Таййип Эрдоған ва Кириакос Мицотакис Анқара ва Афина ўртасидаги муносабатга оид, келгусида амал қилинадиган “Йўл харитаси”ни, шунингдек ўзаро савдо айланмаси ҳамда Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилади, деб ёзди “Hürriyet” газетаси.
Туркия етакчисининг 2023 йил декабрда Афинага қилган ташрифига жавобан, Мицотакис 13 май куни Анқарага келди. Газета маълумотига кўра, олий даражадаги учрашув кун тартибидан иқтисодиёт, транспорт, фан, технология, қишлоқ хўжалиги, туризм, соғлиқни сақлаш ҳамда гуманитар соҳада ҳамкорликни кенгайтириш масалалари жой олган.
Мамлакатлар ўртасидаги савдо кўрсаткичи ҳозир 6 миллиард долларни ташкил этган, келгусида ушбу миқдорни 10 миллиард долларга етказиш муҳимлиги таъкидланмоқда.
Эрдоған Мицотакисга минтақавий ва халқаро воқеалар, айниқса Исроил – Фаластин можаросига нисбатан қараши, Туркия дипломатияси ҳақида ҳам сўзлаб берган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш ва тиббий фанлар соҳаси ҳамда табиий офат ва фавқулодда вазият чоғи биргаликда ҳаракат қилиш бўйича битим имзоланиши айтилмоқда.
НАТО бўйича иттифоқчи бўлган Греция ва Туркия узоқ давом этган совуқчиликдан кейин муносабатни тиклай бошлади. 2023 йил 7 декабрь куни Афинада Президент Режеп Таййип Эрдоған билан Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис ўртасида учрашув ҳамда ҳамкорлик бўйича Олий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Мулоқот натижаси ўлароқ, дўстона муносабат ва яқин қўшничилик тўғрисида Декларация ҳамда турли даражадаги яна 15 та ҳужжат имзоланган.